Шу йил 12 сентябр куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида республика масжид имом-хатиблари ўртасидаги “Йил имоми–2012” кўрик-танловининг якуний босқичи ўтказилди. Унда танловнинг вилоят босқичларидан ғолиб келган 14 нафар имом-хатиб иштирок этди.

Танлов низомига мувофиқ вилоят ғолибларининг илмий савияси, дунёқараши, бугунги кунда олиб бораётган фаолияти ва республика оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари инобатга олинди. Шунингдек, иштирокчиларнинг берилган саволларга жавобларини ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди. Танлов ҳар томонлама юқори савияда ўтказилди.

Якуний натижаларга кўра, умумий ҳисобда 293 балл тўплаган Бухоро шаҳар “Абу Бакр Сиддиқ” жоме масжиди имом-хатиби Акром Абдуллаев биринчи ўринга лойиқ топилди, биринчи даражали диплом билан мукофотланди.

289 балл тўплаган Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби Раҳимберди Раҳмонов иккинчи ўринни олиб, иккинчи даражали дипломни қўлга киритди.

Учинчи ўринга 263 баллдан тўплаган Фарғона вилояти Бағдод тумани “Зайд ибн Собит” жоме масжиди имом-хатиби Соҳибжон Аҳмедов ва Андижон шаҳар “Боботаваккул” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадюсуф Тўрақулов лойиқ топилди ва учинчи даражали диплом билан мукофотланди.

Бешинчи бор ўтказилган “Йил имоми” кўрик-танлови якунида иштирокчиларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов қимматли маслаҳатлар ва тавсиялар бериб, ғолибларни самимий табрикладилар.

 

Муҳаммадназар ҚАЮМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири