Шу йил 19 сентябр куни Тошкентдаги «Хўжа Аламбардор» жоме масжидида республика XXIII қорилар мусобақасининг якуний босқичи ўтказилди. Мусобақада Тошкент Ислом университети ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги таълим муассасалари талабалари иштирок этишди. Тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов табрик сўзи билан очди.

Мураттаб қорилар баҳсида биринчи ўрин Тошкент Ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси талабаси Набийиддин Жалилов ҳамда Андижон шаҳридаги “Саййид Муҳйиддин махдум” Ислом билим юрти талабаси Фазлиддин Абдуллаевларга насиб этди. Иккинчи ўринга “Кўкалдош” Ислом билим юрти талабаси Муроджон Умархўжаев, учинчи ўринга эса “Мулла қирғиз” Ислом билим юрти талабаси Абдуҳаким Сўфиев лойиқ топилди.

Мужаввид қорилардан Тошкент Ислом институти талабаси Лойиқжон Аминов ва “Кўкалдош” Ислом билим юрти талабаси Икром Каримов биринчи ўринни, иккинчи ўринни “Муҳаммад Беруний” Ислом билим юрти талабаси Валиюллоҳ Қўзиев, учинчи ўринни Тошкент Ислом университетидан Зарифжон Хидиров қўлга киритди.

Мураттаб қориялардан “Жўйбори калон” Ислом билим юрти талабаси Мадина Маҳкамова биринчи ўринга, “Хадичаи Кубро” Ислом билим юрти талабаси Моҳинур Мираҳмедова иккинчи ўринга, Тошкент Ислом институти талабаси Шоҳсанам Мамадалиева учинчи ўринга сазовор бўлди. Мужаввид қориялардан биринчи ўрин “Хадичаи Кубро” Ислом билим юрти талабаси Бибимухлиса Абдураимовага, иккинчи ўрин “Жўйбори калон” Ислом билим юрти талабаси Уммаҳо Нишоновага, учинчи ўрин эса Тошкент Ислом институти талабаси Маҳлиё Сулаймоновага насиб этди.

Мусобақа ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.