Шу йил 31 август куни "Шаҳидлар хотираси" майдонида бўлиб ўтган суҳбатда муҳтарам Юртбошимиз мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлашда имом-хатибларнинг ўрни ва улар олдидаги долзарб вазифалар юзасидан қимматли кўрсатмалар берган эдилар.

Октябр ойининг 4 куни Тошкент Ислом университетида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида "Тинчлик ва осойишталик – олий неъмат" мавзуида ўтказилган анжуман давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаларини бажариш юзасидан энг муҳим вазифалар ҳақида бўлди. Унда республикамиз жоме масжидлари имом-хатиблари, диний билим юртлари мударрислари, турли ташкилотлар вакиллари қатнашди.

Анжуманни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов очди.

– Муҳтарам Юртбошимизнинг "Шаҳидлар хотираси" майдонида биз, дин ходимларига билдирган юксак ишончи елкамизга катта масъулият юклайди, – дея сўз бошлади муфтий ҳазратлари. – Давлатимиз раҳбари бугунги имом-хатиб бундан 10–15 йилги имом-хатибдан тубдан фарқ қилиши, ғоялар кураши, ахборот хуружлари авж олган бир пайтда улар ҳартомонлама етук салоҳиятли бўлиши кераклигини айтдилар. Чунки имом-домлаларимиз доимо халқнинг ичида. Одамлар оқ-қорани ажратиб олишда уларга суянади, дея таъкидладилар.

Анжуманда сўз олганлар Президентимиз раҳнамолигида виждон эркинлиги таъминланаётгани, миллий ва диний қадриятлар эъзозланаётгани, жамиятда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳити барқарорлигининг муҳим омили бўлаётганини этироф этишди.

Бугунги воқеликка очиқ кўз ва теран мушоҳада билан қараш, жаҳонда ва ён-атрофимизда кузатилаётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, тегишли сабоқлар чиқариш зарурлиги таъкидланди. Жумладан, араб мамлакатларида давом этаётган нотинчлик ва қуролли тўқнашувлар сабаб тинч аҳоли азият чекаётгани, муаммолар ечими томонларнинг қуролли қарама-қаршиликлардан воз кечиб, музокаралар йўлига ўтишида экани қайд этилди.

– Тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш фақат муайян соҳалар ходимларининг вазифаси эмас, – деди Тошкент вилояти бош имом-хатиби Қурбонали Турсунов. – Бу йўлда барчамиз, бутун халқимиз янада жипс бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз керак. Биз имом-хатиблар ҳам ўзимизнинг касб маҳоратимиз, нутқ маданиятимиз, дунёқараш ва фикр доирамизни кенгайтиришга доимий эътибор қаратишимиз ҳамда мунтазам изланишда бўлишимиз лозим. Муқаддас динимизни асл инсонпарварлик моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодларимизга тўғри тушунтириш ва Ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этишни долзарб вазифамиз деб биламиз.

Анжуманда тинчлик ва осойишталикни янада мустаҳкамлаш, маънавий-маърифий ишларни замон талабларига муносиб давом эттириш, ёшларни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, уларда ҳаётга онгли муносабатни шакллантириш, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга теран қарашни ўргатишда имом-хатибларнинг муҳим вазифалари белгилаб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати