Сурхондарё вилояти республикамизнинг жанубий чегара ҳудудида жойлашган. Совет даврида бу ерда масжидлар бармоқ билан санарли эди. Истиқлол йилларида республикамизнинг бошқа вилоятларида бўлгани каби Сурхондарёда ҳам масжидлар кўпайди, уларда ибодат қилиш шароитлари тубдан яхшиланди.

Жорий йилда вилоят масжидларини кенг кўламда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, истиқлол байрами арафасида Термиз туманидаги “Мангузар”, Бойсун туманидаги “Саримозор” жоме масжидларида замонавий қулайликларга эга маъмурият бинолари, кенг ва ёруғ хонақоҳлар, таҳоратхоналар фойдаланишга топширилди. Вилоят вакиллиги 2013 йилнинг биринчи ярмигача қолган жомеларда ҳам таъмирлаш ишларини тугаллашни режалаштирган.

Бугун вилоят аҳли кенг ва ёруғ жоме масжидларда эмин-эркин, Яратганга шукроналар айтиб, ибодат қилмоқда. Кекса отахонлар дуоларида юртимизнинг тинчлиги, халқимизнинг фаровонлигини сўрашади. Имом-хатиблар ўқув даргоҳларида, маҳаллаларда ўтаётган тадбирларда келажагимиз бўлган ёш авлодга Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини тушунтиришмоқда. Ота-онани ҳурматлаш, Ватанни севиш, илм ва ҳунар ўрганиб, ҳалол ризқ топиш каби эзгу ишларга йўлловчи ножўя йўлларга қадам босишнинг аянчли оқибатларини тушунтирувчи маърузалар қилишяпти. Шунингдек, вилоят масжидлари ёрдамга муҳтож оилалар, ёлғиз қариялар, беморларга беминнат хайрия ёрдамлари кўрсатмоқда.

Эргаш РУСТАМОВ,

Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби