Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Президентимиз Ислом Каримовнинг "Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида" номли web китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Сўзга чиққанлар асарда юртимиз истиқлол арафаси ва унинг илк даврларида бошидан кечирган оғир, машаққатли кунлар ҳамда мустақиллик йилларида барча соҳалар қатори диний жабҳадаги ислоҳотлар ёрқин акс эттирилганини алоҳида зикр этишди.

 Жумладан, Имом Бухорий халқаро маркази директори Убайдулла Уватов тарихий бир хотирани эслаб, бундай деди: "1990 йил. Республикамизда ҳали мустабид тузум ҳукмронлик қилиб турган кезлар. Буюк ҳадисшунос Имом Термизийнинг 1200 йиллик юбилейлари нишонланиши муносабати билан Юртбошимиз табрик мактубларида бундай деганлар: "Имом Термизий бобомизнинг маънавий мерослари нафақат тарихда, бугун ҳам, келажакда ҳам ўз қадр-қимматини йўқотмайди". Дарҳақиқат, ўша таҳликали бир пайтда бундай сўзларни айтишнинг ўзи бир жасорат эди".