Август ойининг 31 куни Тошкент шаҳридаги "Шаҳидлар хотираси" майдонида уламолар, нуроний отахонлар ва жамоатчилик вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда муҳтарам Юрт­бошимиз мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлашда имом-хатибларнинг ўрни ва улар олдидаги долзарб вазифалар ҳақида алоҳида тўхталгандилар.

Октябр ойининг 4 куни Тошкент ислом университетида Дин ишлари бўйича кўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида "Тинчлик ва осо­йишталик – олий неъмат" шиори остида ўтказилган анжуман ана шу долзарб мавзуга бағишланди. Унда Республикамиздаги жоме масжидларнинг имом-хатиблари, диний билим юртлари мударрислари ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.

Анжуманни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари очиб, муҳтарам Юртбошимизнинг "Шаҳидлар хотираси" майдонидаги ушрашувда дин ходимларига билдирган юксак ишончи имом-хатиблар зиммасига катта масъулият юклашини айтиб, жумладан, шундай дедилар:

– Давлатимиз раҳбари бугунги имом-хатиб бундан 10–15 йилги имом-хатибдан тубдан фарқ қилишини айт­дилар, бу бежиз эмас албатта, ғоялар кураши, ахборот хуружлари авж олган бир пайтда улар ҳар томонлама етук салоҳиятли бўлиши шарт. Чунки имом-домлаларимиз доимо халқнинг ичида. Одамлар оқ-қорани ажратиб олишида уларга суянади.

Шунингдек, анжуманда сўзга чиққанлар мамлакатимизда виждон эркинлиги тўла таъминланиб, миллий ва диний қадриятлар эъзозланаётгани, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини қарор топтиришда муҳим омил бўлаётганини эътироф этишди.

Ҳозирги замон ҳар бир кишидан воқеликни теран мушоҳада қилишни, жаҳонда ва ён-атрофимизда кузатилаётган таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб олишни талаб этмоқда.

Анжуманда баъзи араб мамлакатларида давом этаётган нотинчлик ва қуролли тўқнашувларнинг оқибатида тинч аҳоли азият чекаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон мусулмонлари бу можаролар тезроқ барҳам топиб, тинчлик ўрнатилишини, истайди. Зеро, Ислом таълимотида дунё барча халқ ва дин вакиллари тинч-тотув яшайдиган замин, деб таъкидланган.

– Тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш фақат муайян соҳалар ходимларининг вазифаси эмас, дейди Тошкент вилояти бош имом-хатиби Қурбонали Турсунов. – Бу йўлда барчамиз янада жипс бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз керак. Биз – имом-хатиблар ҳам ўзимизнинг касб маҳоратимиз, нутқ маданиятимиз, дунёқараш ва фикр доирамизни кенгайтиришга доимий эътибор қаратишимиз ҳамда мунтазам изланишда бўлишимиз лозим. Тинч­лик ва меҳр-оқибатни ўзида мужассам этган муқаддас динимизни пок сақлаш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодларимизга тўғри тушунтириш ва Ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этишни долзарб вазифамиз деб биламиз.

Тадбир иштирокчилари мамлакатимиз мустақиллигини кўз қорачиғидай асраш, Ватанга садоқат, тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етиш, диний бағрикенглик ғояларини тарғиб этиш, жаҳонда рўй бераётган турли низо ва қарама-қаршиликларнинг мазмун-моҳиятини ­халққа тўғри тушунтириш борасида якдил фикрда эканликларини таъкидладилар.

Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни мус­таҳкамлаш, маънавий-маърифий ишларни замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, ёшларимизнинг ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга теран қараш ҳиссини оширишда имом-хатиблар олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

 

Муҳаммад СИДДИҚ