Рустам МИРВОҲИД

* * *

Дўстни дўст қилолмайсан эътиборинг бермасанг,

Ёрни ёр деёлмайсан ихтиёринг бермасанг.

Бу икки шахсни жаҳонда тополмайсан ҳеч қачон

Ҳар бирига жон тикиб, йўғу боринг бермасанг.

 

ҲАҚИҚАТ

Ҳақиқатни дерлар: бир аччиқ даво,

Унинг заҳридан гоҳ тўкилар ёшлар.

Ваҳ, қуёш юзларга сочганда зиё,

Айт, нечун чимрилар одатда қошлар?!

 

* * *

Зериктириб қўйди лабимда кулгу,

Бошимга урайми кўнгил доғини.

Истайман ундан-да ширинроғию

Қистайман бундан-да аччиқроғини.

 

Пирпирар шам бўлиш менга хос эмас,

Ё сувнинг томчиси эмасдир матлуб.

Менга қуёшда йўқ оташ бўлса бас,

Менга уммонда йўқ гирдобдир марғуб!

 

Зериктириб қўйди дунёвий қайғу...

 

* * *

Телба Мажнунларнинг кўнгил ишидан

Ҳатто Афлотуннинг фикрати ожиз.

Ташбеҳ боли томди қалам нишидан:

Қачон ариқчага сиғибди денгиз?!

 

* * *

Ҳар бўёқда Сенинг рангинг бор,

Ҳар товушдан келади сасинг.

Ҳар учқунда ялтирайдурсан,

Ҳар томчида, оҳ, Сенинг аксинг.

 

Муҳринг бордир ҳар бир заррада,

Ҳар қаричда намоёндирсан.

Сен – ҳар недан кўҳнасан буткул,

Ва ҳар недан навқирондирсан!