Муқаддас динимизда исроф ҳаром саналади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) "Тадбирли бўлиш – ярим ризқ", деб марҳамат қилганлар.

Халқимиз орттирганини эҳсон қилишни яхши кўради. Тўй қилиб, элга ош беришни орзу қилмаган ўзбекнинг ўзи йўқ. Лекин элга дастурхон ёзиб, савоб оламан деб, ортиқча дабдабаларга берилиб, исрофга йўл қўйсак, аксинча, гуноҳкор бўлиб қолишимиз мумкин. Эҳсонлар динимиз кўрсатмаларига мувофиқ бўлсагина савоб оламиз.

Тўйларимизни ихчам ўтказиб, улардан тежаб қолинган маблағларни ўша ёш оиланинг келажаги учун ишлатилса яхши эмасми?!

Динимизда марҳумлар ҳаққига қилинган хайр-эҳсонлар риёдан, исрофдан холи бўлсагина савоб бўлади, дейилган. Тадбирларда қозон-қозон ош дамлаб, минглаб одамларни чақириш ўрнига болалар уйи, қариялар уйи, мактаб, шифохоналарга ёрдам кўрсатилса, ўтганларимизга савоби кўпроқ тегмайдими?!

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтоннинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукр эди" (Исро, 26–27).

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай огоҳлантирадилар: "Сени икки нарса – фахрланиш ва исроф хатога бошлайди. Шундан эҳтиёт бўл" (Имом Бухорий ривояти).

Мазҳаббошимиз Имом Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай деганлар: "Яхшилик ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай яхшилик йўқ".

Исроф фақат маърака-маросимларни дабдаба билан ўтказишгина эмас. Вақтни, умр­ни бепарво, бесамар ўтказиш ҳам катта исрофдир. Фойдасиз ишлар билан машғул бўлиш, куч-қувват ва салоҳиятни яхшилик йўлида ишлатмаслик, соғлик қадрига етмаслик ҳам исрофдир.

Халқимизда "Тежаш бахиллик эмас" деган ҳикматли мақол бор. Ким исрофдан сақланса, икки дунёси обод бўлади, иншааллоҳ.

 

Муродулло ҚАРШИЕВ,

Навоий вилояти Зарафшон шаҳар бош имом-хатиби