Жорий йил юртимизда Мустаҳкам оила йили деб эълон қилинди. Биргина бу йил доирасида эмас, балки диёримиз мустақилликка эришганидан буён оилалар мустаҳкам бўлиши учун ёшларни никоҳга тайёрлаш, фарзанд туғилиши, уларни жисмоний ва маънавий баркамол қилиб тарбиялаш масаласига жиддий эътибор қаратиб келинмоқда.

Ана шундай чора-тадбирлар, изчил ислоҳотлар олиб борилаётган бир пайтда, бу борадаги баъзи муаммолар кишини ранжитади. Эрта никоҳ ва эрта она бўлиш ҳолатлари шулар жумласидандир.

Эр ва хотин никоҳ ёшининг қонуний узайтирилиши борасида ислоҳотлар бўлаётганига қарамай айрим ота-оналар қизларини эрта турмушга беришнинг салбий ва аянчли оқибатларини тушуниб етмаяптилар. 16–17 ёшлардаги қизларни турмушга бериш бир қанча муаммоларни келтириб чиқаради. Чунки бу даврда қизлар ҳали ўсмирлик даврини бошидан кечираётган, ўта таъсирчан, жисмоний ва руҳий ҳолати барқарорлашмаган бўлади. Фарзанд кўриш учун ҳам тайёр ҳисобланмайди. Натижада, ҳомиладор бўлиш ҳолатлари кечикади ва қудалар турли "ташхис"лар қўя бошлашади. Ҳеч қанча вақт ўтмай "Ўғлимизни бошқасига уйлантириб қўямиз", деб ажримгача етиб келишади.

Ёки келин ҳомиладор бўлди ҳам дейлик, аммо бунда ҳам бола туғилгунча бўлган муддат ва туғруқ нисбатан оғирроқ кечиши, ҳомиланинг нуқсонли ривожланиши кузатилади. Бу каби асоратлар кейинги ҳомиладорликнинг меъёрида ўтишига салбий таъсир кўрсатади. Турли паталогиялар: кам­қонлик, кучли токсикоз, йўлдош етишмовчилиги, суяклар тизимида салбий ўзгаришлар кўп учрайди. Ёш оналар кўпинча табиий ҳолда туғолмаслиги сабабли жарроҳлик амалиёти қўлланилади. Муаммо бу билан ҳам тугамайди, ёш она болани парваришлаш учун руҳан мослаша олмаслиги ҳолатлари ҳам юзага келади.

Шуларни назарда тутиб ота-оналар қизларини ёш турмушга бериб юбормасликлари, тўйдан аввал саломатлигини текширтиришга эътибор қаратишлари зарур.

Бир нарсага аҳамият бериш керак, қизларнинг балоғат ёши билан турмуш қуриш ёши бош­қа-бошқа нарса экани ҳаётда ўз исботини топмоқда. Балоғатга етди дегани турмуш қуришга ҳам тайёр дегани эмас. Бунинг устига ҳозирги давр талаби бутунлай бошқача. Ёшлар мажбурий ўрта таълим босқичларини ўташлари шарт. Бу эса 9 йил ўрта умумтаълим мактаби, ундан сўнг уч йил коллеж ёки лицей таълими заруратини ўз ичига олади. Демак, қизлар 19 ёшда мажбурий таълимни адо этган бўладилар. Борди-ю шундан олдин турмуш қуришса, ўқиш ҳам, оила юмушлари ҳам тўлақонли бажарилмаслигига йўл очилади. Бинобарин, қизларимиз ўқиш, оила юмушларини уддалаб, турмуш ўртоғи ва қайнона-қайнотанинг кўнглини топиб, тотув ҳаёт кечиришлари учун мазкур босқичлардан ўтгандан кейин турмуш қуришлари тавсия этилади.

Оила институти мутахассислари фикрига кўра, соғлом никоҳ учун турмуш қуришнинг энг қулай даври қизларда 20–22 ёш, йигитларда 23–25 ёш; ўртадаги фарқ эса 3–4 ёш бўлгани маъқул эканлиги таъкидланмоқда.

 

Наргиза ТЎЙЧИЕВА, ҳамшира