Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир.

(Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 52-модда)

 

Бошқа соҳаларда бўлгани каби мус­тақиллигимизнинг илк йиллариданоқ Ўзбекис­тонимизнинг ўз миллий армиясини яратиш ва такомиллаштиришга жиддий киришилди. Ўтган қисқа вақт мобайнида юртимизда давр талаби ва жаҳон андозаларига жавоб берадиган Қуролли Кучларни барпо этиш, миллий армиямизни шакллантириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Юртимизда яшаётган миллатлардан ташкил топган офицерлар, аскарларнинг сарҳадларимизни мустаҳкам ҳимоялаш ҳамда осойишталикни таъминлаш йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатлари натижасида миллий армиямиз  нуфузи кундан-кунга ошиб бормоқда.

Ватанимиз сарҳад­ларида кеча-кундуз зийраклик билан турган мард ва жасур пос­бонларимиз юртимиз мустақиллигини, эл-юрт осойишталигини кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келаётгани қалбларимизда ифтихор туйғуларини жўш урдиради.

Ҳар йили  14 январ – Ватан ҳимоячилари куни миллий байрамимиз сифатида юксак даражада нишонланади. Бу сафар байрам устига байрам, яъни Ўзбекистон Қуролли Кучлар ташкил топгани 20 йил тўлди.

Ватанимизда бугунги тинч ва барқарор ҳаёт, фаровонлик халқимизга мустақиллик туҳфа этган азиз неъматлардандир. Ҳар қандай давлатнинг мустақиллигини биринчи навбатда унинг ўз армияси, Қуролли Кучлари ҳимоя қилиши керак.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, Олий ҳарбий билим юртларида кадрлар тайёрлаш тизими изчил такомиллаштирилди.

Бугунги кунда бир йиллик муддатли ҳарбий хизматга чақирув танлов асосида амалга оширилмоқда. Ҳарбий хизматнинг янги тури – сафарбарлик чақируви захираси ўзининг самарали эканини исботлади. Жойлардаги мудофаа ишлари бошқарма ва бўлимлари замон талаблари асосида жиҳозланаётгани эса чақирилувчиларни сифатли тиббий кўрик ва синовлардан ўтказиш учун зарур қулайлик яратиб, Қуролли Кучларимиз шахсий таркибини яхши тайёрланган, бақувват ва мард йигитлар билан тўлдириш имконини бермоқда.

Пайғамбаримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) тавсия қилганларидек, ўғил болаларга сувда сузиш ва отда чопиш каби машқларни пухта ўргатиб, уларни Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида тарбиялашимиз зарур. Дарҳақиқат, энг қадрли неъматлардан бири тинчлик ва хотиржамликдир. Мана шу осудаликни ҳеч иккиланмай бепоён Ватанимиз сарҳадларини мардона қўриқлаб турган юрт посбонларининг хизмати деб айта оламиз.

Мамлакат осойишталиги, халқ тинчлигининг мустаҳкам таянчи бўлмиш Ватан ҳимоячилари доимо ҳушёр ва сергак.

Муҳаммад СИДДИҚ