Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясининг қабул қилинганига 20 йил тўлди. Асосий қонунимизда фуқароларнинг виждон эркинлиги, барча миллат ва элатларнинг урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши кафолатланган.

Инсон эрки дахлсиздир. Бу тамойил Конституциямизда ҳам ўз аксини топган. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида дин ва виждон эркинлиги масалаларига катта эътибор қаратилган. Унда халқимиз руҳига мос келадиган имон-эътиқод, адлу инсоф, диёнат, меҳру оқибат, ор-номус, иффат ва ҳаё каби энг эзгу фазилатлар мужассам. Бундан ташқари, Бош қомусимизда Ўзбекистон ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаронинг манфаатлари, ҳуқуқ ва бурчлари қонун асосида кафолатланган. Унинг 31-моддасида "Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди" деб ёзилган. Шунингдек, 61-моддасида "Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар", дейилган.

Асосий қонунимизнинг муҳим бандларидан бири – Яратган томонидан берилган улуғ неъмат – инсоннинг ҳаёти ва ҳуқуқлари ҳақидадир. Унда фуқароларнинг манфаатлари қонуний равишда мустаҳкамланган.

Диёримиз мустақилликка эришгандан сўнг, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар рўй берди. Мустақиллик йилларида халқимиз манфаатлари йўлида муҳим ислоҳотларнинг амалга оширилиши ва тарихий қарорларнинг қабул қилиниши, буюк алломаларимиз меросларини чуқур ўрганиш ва кенг тар­ғиб қилиш, уларнинг эзгулик, маънавий комилликка чорловчи ғояларини юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод қалби ва онгига сингдириш ҳамда ёдгорлик мажмуаларини асраб-авайлаш, ободонлаштириш борасидаги ишларни янада такомиллаштиришга замин яратди.

Юртимиз мўмин-мусулмонлари манфаатларини кўзлаб қабул қилинган қарорлар уламо ва имом-хатибларимизнинг ўз зиммаларидаги шарафли вазифани сид­қидилдан бажариш, Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини кенг оммага етказиш, халқимиз, айниқса, ёшларни диний ақидапараст­лик ва экстремизм хатаридан асраш йўлида астойдил ҳаракат қилишга ундамоқда.

Республикамиз ҳукумати фуқароларимизга диний маросимларини камоли ҳурмат билан адо этишлари учун лозим бўлган барча шарт-шароитларни яратиб бермоқда. Жумладан, муборак умра ва ҳаж сафарига борувчилар учун катта қулайликлар яратилиши мусулмонларга кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрлик намунасидир. Бош Қомусимизда фуқароларнинг манфаатлари кафолатлангандир. Шундай экан, бу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир инсон азиз она Ватанимиз олдидаги фуқаролик бурчларини яхши анг­лаб олмоқлари лозим. Ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиш билан бирга зиммамизда бурч ва мажбуриятлар борлигини ҳам унутмаслигимиз керак бўлади.

Ислом тинчлик динидир. Бу борада Қуръони каримда:  "... Эз­гу­­лик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!" дейилади (Моида, 2). Тинчлик Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлиб, уни бутун дунёда сақлаш ҳар бир кишининг олий даражадаги вазифаси бўл­моғи лозим.

Она юртимиз Ўзбекистонда турли дин вакиллари тинч-тотув фаолият юритмоқда. Улар ўртасидаги тенглик Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилган. Жумладан, унинг 18-моддасида шундай дейилади: "Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар".

 

Ҳожи Абдураззоқ ЮНУСОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари