Ўзбекистон Республи­каси Конституцияси­ қабул қилинганлигига 19 йил  тўлди. Яратганга шукрлар бўлсин, яна бир улуғ байрамни тинчлик-тотув­лик шароитида нишонладик. Ҳар йили ушбу байрамни тантана қилиш баробарида осойишта ҳаётимизда бу куннинг алоҳида ўрни борлигини қалбдан ҳис этамиз.

Мамлакатимизда эъти­қод эркинлиги Асосий Қо­нунимизда кафолатлаб қў­йилди. Айни пайтда турли миллат, динлар ва конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик, тотувлик ва мўътадиллик муҳити шаклланди.

Ўзбекистон мустақил­ликни қўлга киритгач, виждон эркинлиги, дин ва диндорларнинг ҳақ-ҳуқуқлари масаласига катта эътибор­ берилди. Диёримиз мўмин-мусулмонлари Асосий Қо­нунимизда белгилаб қў­йилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг ва бемалол фойдаланмоқдалар. Бош Қонунимизда белгилаб қўйилган тамойиллар динимиз таълимоти асосларига ҳам тўла мос келади.

“Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди...” (Бақара, 256).

Динимизда ота-онанинг фарзанди олдида учта бурчи борлиги айтилади. Чиройли исм қўйиш, гўзал хулқ-атворли этиб тарбиялаш ва вояга етгач, агар ўғил бола бўлса, уйлантириш, қиз бўлса, турмушга беришдир. Бу борада ҳам Ислом динимизнинг қарашларига Асосий Қонунимиз ҳамоҳанг:

“Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” (64-модда).

Конституцияда Ўзбекис­тон ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаронинг манфаатлари, ҳуқуқ ва бурчлари қонун асосида белгилаб қўйилган. Мусулмон халқимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари қонунда кафолатлангани туфайли ҳозир республикамизда икки мингдан ортиқ масжид фаолият юритмоқда.

Айниқса, Президентимиз ташаббуслари билан таъмирланган Бухородаги “Масжиди калон”, Самарқанддаги “Шоҳи зинда”, Қаршидаги “Кўк гумбаз” ва қайта қу­рилган “Имом Бухорий”, Тошкентдаги “Ҳазрати Имом” ёдгорлик мажмуалари­ни, Баҳоуддин Нақшбанд, Аб­дулхолиқ Ғиждувоний, Бур­ҳониддин Марғиноний каби буюк алломаларимизнинг мақбараларини зиёрат қилган ҳар бир кишининг кўнгли яйрайди.

Самарқандда “Имом Бухорий” халқаро марказининг фаолият бошлаши ҳам мусулмонлар ҳаётида улкан воқеа бўлди. Биз имомлар учун бу жуда катта ғам­хўр­ликдир. Мен марказда малака ошириш жараёнида шунга амин бўлдим. Бу мас­канда ҳадис илми, Имом Бухорий, Абу Исо Термизий, Имом Доримий каби улуғ муҳаддислар ҳаёти ва илмий мероси бўйича кенг тадқиқотлар олиб борилади, турли халқаро илмий анжуманлар ўтказилади.

Бу тенгсиз неъматлар шукронаси учун Ватанимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилишимиз зарур.

Жамшид МУҚАДДАМОВ,

Бухоро шаҳри “Хўжа Абдуллоҳ сафедмўйи”жоме масжиди имом-хатиби