Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт.

(Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 18-модда)

 

Истиқлол сабаб орзу-умидларимиз амалга ошди, қадриятларимиз тикланди. Масжид, мадрасалар мўмин-мусулмонларга қайтариб берилди. Қадриятларимизнинг асосини ташкил этган Ислом дини таълимотларидан элимиз яна баҳраманд бўла бошлади. Маънавиятимиз асосларини, аждодларимиз қолдирган бой меросни ўрганишга, тарғиб этишга, зиёратгоҳларни ободонлаштиришга, она тилимиз равнақига кенг шароит яратилгани миллий тараққиёт учун қудратли омил бўлди. Бу ривожланишлар замирида Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясининг ўрни жуда муҳим. Унда инсон ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати олий қадрият деб белгилаб қўйилгани юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ифодасини топмоқда.

Фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги тамойили халқимизнинг менталитетига, унинг инсонпарварлик руҳига, диний қадриятларимизга ҳам жуда мос келади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов таъкидланганидек, “Ўзбекистон фуқаролари ўзларининг насл-насаби, ирқи, миллатидан ва бошқа ҳолатларидан қатъи назар, тенг ҳуқуққа эгадир. Конституциямиз Ўзбекистон фуқароси ҳисобланган барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва миллий анъаналари ҳурмат қилинишини кафолатлайди”.

Фуқароларнинг қонун олдида тенглиги – демократиянинг муҳим элементи ҳамда жаҳон конституциявий тарақ­қиёти­нинг муҳим тамойилларидан ҳисобланади. Бу тенглик фуқароларнинг давлат, қонун ва суд олдида расмий тан олинадиган тенглиги бўлиб, у ҳар бир давлат фуқароларининг жинси, ирқи, миллати, тили, келиб чиқиши, мулкий аҳволи, эгаллаб турган лавозими, турар жойи, динга муносабати, қарашлари, жамоат бирлашмаларига мансублиги ва бошқа ҳолатлардан қатъи назар, тенг ҳуқуқ, эркинлик ва бурчларга эга эканлигини англатади.

Биз кўпмиллатли хал­қ­миз. Мамлакатимиз аҳолиси 28 миллиондан ошди. Кўп­миллатли жамият кўп конфессиялиликка асос бўлади. Юртимизда 130 га яқин мил­лат ва элат – бир неча дин, ўндан ортиқ конфессия вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституция­сининг 31-моддасига кўра, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.

Диний муассасалар фаолиятининг қонун асосида олиб борилиши таъминланади. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда фуқароларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқ ҳамда бурчлари аниқ-равшан белгилаб қўйилди. Кўпмиллатли давлатимизда миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик ижтимоий барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг асосий шарти қилиб белгиланди.

Миллатлараро тотувлик ва диний бағ­рикенглик мамлакатимизда қурилаётган демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири­ саналади. Конституциямиз­да Ўзбекистонда яшовчи барча халқлар ҳақ-ҳуқуқ­лари ҳимоя қилинган. Унда жинси, миллати, дини, ирқи, ёши, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва бошқаларга кўра инсон ҳуқуқларини муайян даражада камситадиган бирорта модда йўқ. Минг йиллар давомида аждодлардан авлодларга, ота-оналардан фарзандларга ўтиб келаётган анъаналарнинг Конституциямизда акс этгани таҳсинга сазовор. Зеро, бағрикенглик фуқаролараро тотувликни таъминлайди, жамиятда табиий равишда учрайдиган ижтимоий фарқларнинг кескинлашувига, ижтимоий низоларнинг юзага келишига йўл қўймайди. Бугун нафақат юртимизда, балки бутун Ер юзида диний бағрикенглик, динлар, конфессиялараро ўзаро ҳурмат, бир-бирини тушуниш асосий ҳаётий тамойилга айланмокда.

Миллатлараро, динлар ва конфессия­лараро муносабатлардаги уйғунлик халқларнинг маънавий бойлиги манбаи ҳисобланади ва сўзсиз, давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий тарақ­қиётига ижобий таъсир кўр­сатади, қизғин халқаро муносабатлар даврида инсониятнинг маданий, ақлий ва маънавий жиҳатдан бирлиги муаммоси амалий ечимни талаб қилади. Турли маданият ва дин вакиллари ўртасидаги мулоқотлар яхши келишув ва ўзаро мустаҳкам ишончга эришиш йўлларидан бири саналади.

Бугун диний бағ­рикенг­ликни, умуман, мам­лака­тимизда тинчлик,­ барқарор­ликни янада мустаҳ­кам­лашда турли динлар, конфессиялар­нинг тарихи, таълимоти, уларнинг жамият ривожидаги аҳамиятини ўрга­ниш катта назарий ва ама­лий­ аҳамиятга эга. Айнан бағрикенглик, сабр-бар­дошли бўлиш келиб чиқиши мумкин бўлган кўпгина ихтилофларни бартараф этувчи омиллардан саналади.

Ўзбекистонда Ислом динининг чин инсонпарварлик моҳияти, буюк ғоялари ёш авлод юрагидан жой олишига шароит яратиб берилган. Бошқача қилиб айтсак, фарзандларимизни дунёвий билимлар билан бир қаторда Имом Бухорий тўплаган ҳадислар, Нақшбандий таълимоти, Термизий ўгитлари, Яссавий ҳикматлари асосида тарбия қилмоқдамиз. Бунинг яққол мисоли сифатида мамлакат пойтахтидаги Тошкент Ислом университети ва Тошкент Ислом инс­титути ҳамда ўндан ортиқ Ислом ўрта-махсус билим юртларининг фаолиятини келтириш мумкин.

Ўзбекистон халқи адолат, тенглик, аҳил яшаш ва инсонпарварликнинг нозик куртак­ларини асрлар оша авайлаб-асраб келмоқда. Бу каби умуминсоний қадриятлар Асосий қонунимизда конституцион тизим даражасида мустаҳкамлаб қўйилгани фикримиз исботидир.

Мустақил юртимизда қонун устуворлигига, адолат мезонларига катта эътибор берилаётир. Қонунга амал қилиш барча учун баробар бўлиб, қонун ҳамма жойда устувор бўлиши лозим. Ана шундагина биз олдимизга қўйган улуғ мақсадларга тезроқ эришамиз.

 

Икромжон МАРДОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасиҳуқуқшуноси