Фан ва техника шиддат билан ривожланаётган ҳозирги кунда кадрларни замон талабига мос равишда тайёрлаш нафақат давр талаби, балки динимизнинг буйруғидир. Али ибн Абу Толиб (каррамаллоҳу важҳаҳу) "Болаларингизни ўз замонангизга қараб эмас, ўз замоналарига қараб тарбия қилинг", деган эдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга илм ўргатсалар ажойиб услублардан фойдаланар эдилар. Жумладан, у зот бир куни саҳобаларга қарата: "Дарахтлар орасида бир дарахт борки, унинг барги тўкилмайди, меваси узилиб тушмайди, сояси йўқолиб кетмайди, у фойдасининг кўплиги ва бардавомлиги билан комил мусулмонга ўхшайди! Айтинглар-чи, у қайси дарахт?" дедилар. Саҳобаларнинг хаёллари саҳродаги бир дарахтга кетди. ..."Ўзи­нгиз айтиб беринг, ё Расуллуллоҳ", дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) "Бу хурмо дарахти", деб айтдилар". Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­ таълим услублари кўпинча савол-жавоб тарзида бўлиб, саҳобаларнинг топқирлигини, зеҳн-заковатини синаб кўрар эдилар. Ҳайратланиш ва узоқ ўйлашдан кейинги жавоб талаба зеҳнида мустаҳкам ўрнашади ҳамда унинг хотирасида сақланиб қолади. Худди шунингдек, талабага ҳар хил қизиқарли ўйинлар, савол-жавоб тарзидаги мусобақалар, педагогик технологиялар ва интерфаол услублар орқали таълим берилса, унинг фанга бўлган қизиқиши ортади, дарсни яхши ўзлаштиради.

Маърифатпарвар адиб Маҳмудхўжа Беҳбудий бу ҳақида шундай деган эди: "Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур". Дарҳақиқат, барча соҳаларда сезиларли даражада силжишлар кўзга яққол ташланаётган бугунги кунда диний ходимларни ҳам етук малакали, замонавий илмлардан бохабар, техник имкониятлардан унумли фойдалана оладиган, замон билан ҳамнафас шахслар этиб тайёрлашни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Ўтган ўқув йилида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги таълим муассасалари устозлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Истеъдод" жамғармаси масофали ўқитиш марказида "Инновацион технологиялар" бўйича малака ошириш курсида ўз билимларини оширдилар. Улар замонавий педагогикадаги турли инновацион усулларни дарс жараёнига татбиқ этишни ўргандилар. Бу ҳукуматимизнинг диний таълим муассасаларига бўлган юксак эътиборидан дарак беради. Зеро, Президентимиз таъбири билан айт­ганда: "Бу соҳадаги ишларимизнинг пировард мақсади имон-эътиқоди бутун, иродаси бақувват эркин фуқаро маънавиятини шакллантириш, мустақил дунёқарашга эга, аждодларимизнинг бебаҳо мероси ва замонавий тафак­курига таяниб яшайдиган баркамол шахс – комил инсонни тарбиялашдан иборат".

Ҳозирги кунда Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтининг профессор-ўқи­тувчилари замонавий педагогик технологияларни қўллаган ҳолда дарс ўтмоқдалар.

Замонавий педтехнологияларнинг дарсларда қўлланилиб яхши самара бераётган усулларидан бири "Бумеранг" технологиясидир.

Ушбу технология дарс жараёнида, бўш вақтларда турли адабиётлар, тарихий манбалар, матнлар билан ишлашда талабаларнинг ўрганилган фанни яхши эслаб қолишига, оғзаки нутқни ривожлантириш ва ўз фикрини эркин баён эта олиш малакасини шакллантиради, шунингдек, бир дарс давомида барча талабаларни баҳолаш имконини берувчи технология ҳисобланади. Бу технологиядан янги мавзуни ўрганиш жараёнида фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Технологиядан фойдаланиш тартиби:

Талабалар 3–5 кишидан иборат кичик гуруҳларга бўлинадилар. Масалан: Аудиторияда 12 та талаба бор бўлса, уларни уч кишидан иборат тўртта гуруҳга бўламиз.

Ўқитувчи ҳар бир гуруҳ ва унинг ҳар бир аъзосига мустақил ўрганиш, фикрлаш ва ёдда сақлаб қолиш учун ўрганилаётган янги мавзу бўйича алоҳида ёзма тарқатма материал беради. Тарқатма материал умумий мавзунинг бир қисмини ташкил қиладиган матндан ёки жадвалдан иборат бўлиб, гуруҳнинг барча аъзоларига бир хил мазмунда бўлиши керак. Демак, янги мавзу олдиндан ташкил этиладиган гуруҳлар сонига қараб, 3 ёки 5 қисмга бўлиниши лозим. Шунда ҳар бир гуруҳ янги мавзуга оид алоҳида матнга эга бўлади.

Масалан: Араб тили дарси. Мавзу: Тобелар.1-гуруҳга "Сифат" мавзуси, 2-гуруҳга "Боғловчи", 3-гуруҳга "Таъкид", 4-гуруҳга "Бадал-изоҳловчи" мавзуларига оид ёзма тарқатма материал (иложи бўлса гуруҳнинг ҳар бир аъзосига биттадан) берилади.

Гуруҳнинг ҳар бир аъзоси матнни якка тартибда, алоҳида ўрганиб чиқиб, эслаб қолиши, кейин эса мавзуни гуруҳ аъзолари ўзаро савол-жавоб асосида гуруҳда муҳокама қилиши керак. Матннинг катта кичиклигига қараб бу ишга 10 минут ажратилади.

Ўқитувчи ҳар бир гуруҳ ёнига келиб гуруҳ аъзоларига олдиндан тайёрланган рақам ёзилган қоғозлардан биттадан олишни таклиф этади (қоғоз сони гуруҳдаги талабалар сонига тенг бўлиши керак). Ўқитувчи рақамлар бўйича янги гуруҳлар тузишни таклиф этади. (1 рақамини олганлар 1-гуруҳ, 2 рақамини олганлар 2-гуруҳ ва ҳоказо).

Янги тузилган гуруҳнинг ҳар бир аъзоси энди ўзига 2 та вазифани ҳам ўқитувчи, ҳам талаба вазифасини олади. Яъни гуруҳнинг ҳар бир аъзоси олдинги гуруҳда ўзи ўрганиб чиққан матн мазмунини янги гуруҳ аъзоларига ўргатиши, ўз навбатида гуруҳнинг бошқа аъзоларининг матнларини ҳам ўзлаштириб олиши талаб этилади. Бунда гуруҳнинг ҳар бир иштирокчиси ўзи ўзлаштирган материални сўзлаб бериш орқали бошқаларга тушунтириши керак. Бунинг учун 20 дақиқа вақт ажратилади. Натижада рақамлар бўйича тузилган янги гуруҳлар умумий мавзу бўйича барча материалларни ўзлаштиришга эришадилар.

Гуруҳдагилар бир-бирларига ўз матнларини гапириб бергач, матн қай даражада ўзлаштирилганини текшириш учун ўқитувчи гуруҳ аъзоларини шу матнлардан келиб чиқиб бир-бирларига савол беришларини тушунтиради ва гуpyҳ ичида шу тариқа ички назорат ўтказилади. Бу эса гуруҳдагиларнинг бир-бирларига сўзлаб берган материалларини бошқалар томонидан қандай ўзлаштирилганини аниқлашга ва мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Ўқитувчи барча талабаларни олдинги гуруҳларига қайтишларини сўрайди ва ҳамма машғулот бошланишидаги гуруҳига қайтиши керак.

Ўқитувчи барча талабаларнинг мавзуга оид ҳамма материал билан танишиб чиққанлигини ҳисобга олган ҳолда, аудитория­даги хоҳлаган талабасидан ушбу мавзуга оид хоҳлаган саволини сўраши мумкинлигини айтади ва назорат саволларини рейтинг баллари асосида баҳолашни тушунтиради. Саволларга берилган жавоблар агар тўлиқ бўлса – 3 балл, қўшимча қилинса – 2 балл, ўтирган жойда луқма ташласа – 1 балл, жавоб беролмаса – 0 балл қўйилади. Гуруҳ аъзоларининг жавобларини белгилаш ва ҳисоблаб бориш учун бир талаба та­йинланади.

Ўқитувчи тарқатма материаллардаги саволлар асосида гуруҳларни ўзлаштиришини текшириб чиқади.

Энди ўқитувчи ҳар бир гуруҳга ўз материали асосида янгидан 3 та савол тузишни таклиф этади. Вақт 3–5 дақиқа.

Бу босқичда гуруҳлар бир-бирларига ўзлари тузган саволларни берадилар ва берилган жавоблар юқоридаги тартибда ҳисобланади. Агар бош­қа гуруҳлар саволга тўғри жавоб бера олмаса, гуруҳ ўзи жавобни тўлдиради ва қўшимча баллга эга бўлади.

Якуний босқичда гуруҳлар тўплаган баллар ҳисобланиб гуруҳ аъзолари сонига бўлинади. Балларни тақсимлашда гуруҳ аъзоларининг ҳам фикрлари инобатга олиниши керак.

 

Ибодулло АҲРОРОВ,

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти "Тиллар" кафедраси мудири