Мамлакатимизда 14 январ – Ватан ҳимоячилари кунини миллий байрам сифатида нишонлаш анъанага айланди. Бугунги тинч, хотиржам ҳаётимизни қуролли кучларимиз ҳимоя қилишмоқда. Мана шундай масъулиятли бурчларини сидқидилдан адо этаётган ўғлонларимиз шаънига ҳар қанча илиқ сўзларни айтсак арзийди. Халқимизнинг фидойи фарзандлари бор экан, эртамизга ишончимиз ортаверади.

Бу оламда қилинган ҳар бир яхшиликнинг ажри, мукофоти бор. Шу маънода Ватан ҳимояси ҳам натижаси гўзал бўлган улуғ ва эзгу ишлардандир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) Ватан ҳи­мояси фазилати ва шарофати хусусида бундай марҳамат қиладилар: "Ҳақиқатда, Аллоҳ таоло Ватан ҳимояси учун кўтарилган чанг-ғуборни ва жаҳаннам тутунини бирор-бир бандасида зинҳор жамламайди (яъни, Ватан ҳимоясига шараф ила киришганларни ­зинҳор жаҳаннамга солмайди)" (Термизий ва Абу Яъло ривояти).

Маълумки, душман доимо панд бериш учун фурсат пойлайди, имкон қидиради. Шу сабабли ҳам инсон ҳамиша огоҳ, сергак бўлмоғи керак. Ғанимларнинг тажовузларига имкон бермаслик зарур, бунинг учун эса қувват, ирода, билим ва зийраклик талаб қилинади.


"...бугунги кунда Ўзбекистон амалда ўзининг замонавий, ихчам ва ҳаракатчан, яхши қуролланган, мамлакатимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир миллий армиясига эга, деб айтиш учун барча асосларимиз бор".

Ислом Каримов


Шу маънода, ҳарбий хизмат энг шарафли вазифа. Аскарлар – юрт посбонлари, Ватан ва унинг тинчлик, фаровонлиги ҳимоячилари. Ўз она-Ватани, ота-онаси, яқинлари, юртдошларини севган ҳамда ор-номус қийматини билган инсон ҳарбий хизматни ­сидқи­дилдан, самимият билан бажаради.

Динимизда юрт ҳимоячиларининг ажр ва мартабалари баланд қилиб белгиланган.

Бу хусусда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Икки кўз эгалари бор, уларни жаҳаннам оташи зинҳор куйдира олмайди. Бири Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, бошқаси Аллоҳ ризоси учун (Ватанни қўриқлаб) кечаси билан мижжа қоқмаган кўзлардир", деганлар (Имом Термизий ва Абу Яъло).

– Ҳар йили 14 январ – Ватан ҳимоячилари кунида мени ҳам табриклашади, – дейди фахр билан бир талаба йигит. – Бу қутлов, кўксимни ғурурга тўлдиради. Ўзбек ўғлониман, Ватани, ­халқи бор миллат фарзандиман, деган туйғу кечади дилимдан. Ҳозир талабаман, таҳсил оляпман. Келажак учун бугундан ҳаракат қиляпман. Катта-катта орзу ва мақсадларим бор ва уларни тинч-осуда мамлакатда амалга ошириш мумкин. Гарчи ҳарбий соҳа вакили бўлмасам ҳам, Ватанимни қўриқлайдиган, унинг тинч ва бар­қарорлигига ҳисса қўша оладиган фарзанди бўламан. Чунки, юртимни севаман, халқимга меҳрим бўлакча, уни шу севгим билан асрайман, эрта эгаллайдиган касбим билан ҳимоя қиламан.

Ҳа, юртимиздаги ҳар бир ўғлоннинг у қайси соҳа эгаси бўлмасин, шу кунларда дилида шундай юксак ҳис-туйғу кечиши табиий ҳол. Чунки мамлакатимиздаги ҳар бир эр киши ўзини Ватан ҳимоясига масъул деб билади.

Инсон дунё ва охиратда солиҳ амаллари, Ватан, имон, дин ҳимояси, ободлиги билан роҳатга эга бўлади. Аллоҳ таолонинг жаннат ва жамолига мана шу гўзал ишлар билан эришилади. Ўз вазифасига чин дилдан ёндашган ҳарбий хизматчиларга, юрт посбонларига ва мамлакат ободлиги, тинчлиги йўлида хизмат қилаётган юртдошларимизга шундай ажру мартабаларга эришмоқ насиб қилсин!

 

Муҳаммадназар ҚАЮМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири