Истиқлол йилларида қўлга киритган ютуқларимиз, тинчлик-хотиржамлик неъматини асраб-авайлашга, унинг қадрига етишга барчамиз бирдек масъулмиз. Қуролли Кучларимиз бу борада бизларнинг таянчимиз, мустаҳкам ҳимоя қўрғонимиздир.

Шубҳасиз, миллий армиямизни қудратли қиладиган асосий омиллардан бири, бу аскарларимизнинг юксак ватанпарварлик фазилатига эгаликларидир. Йигитларимизни чинакам ватан ҳимоячилари қилиб тарбиялаш учун ҳарбий масканларида барча шароитлар мавжуд. Бугунги кунда энг замонавий ҳарбий техникалар, аслаҳалар билан таъминланган шавкатли Қуролли Кучларимиз ҳар қандай ташқи таҳдидларга барҳам беришга қодир.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, муқаддас динимизда ҳар бир фуқаро ватанини ўз имконияти даражасида ҳимоя қилиши лозимлиги мукаммал тарзда баён этилган. Жумладан, Жаноби Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадисларида: "Фарзанд­ларингизга сувда сузишни, камондан отишни ва от минишни ўргатинглар", дея мар­ҳамат қиладилар.

Сир эмас, ҳарбий хизмат машаққатларини енгиб чиниққан, жисмонан ва руҳан тобланган, ота-она қадрини теран англаб етган йигит қалбидаги ватанга муҳаббат туйғуси ҳам кучли, фахру ғурури тоғдай юксак бўлади. Ана шундай паҳлавонлардан иборат аскарларнинг шахдам қадам ташлаб юришларини кўрган ёш болалар уларга ҳавас билан боқадилар, кўнгилларида шу акаларидек ватан ҳимоячилари бўлиш истаги жўш уради. Бугунги кунда ҳарбий хизматни аъло даражада ўтаб келган фуқароларга олий таълим муассасаларига ўқишга киришларида ҳукумат томонидан енгилликлар берилаётгани ёшларнинг Қуролли Кучлар сафида хизмат қилишга бўлган қизиқиш ва интилишларини янада орттирмоқда.

Ватанимиз сарҳадларини туну кун бедорлик билан қўриқлаётган, она-тупроғимизни ёвуз ниятли кимсалардан асрашни ор-номус иши деб биладиган аскарларимиз, зобитларимиз катта ажр-мукофотларга сазовордирлар. Уларни маънан қўллаб-қувватлаш, ўзимизга юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариш, юртимизда ҳукм сураётган тинч­ликнинг қадрига етиш, динлараро бағрикенглик тамойилларига амал қилиш орқали биз ҳам ватанимиз куч-қудратининг ошишига, унинг мудофаасига ўз ҳиссамизни қўшамиз.

 

Турсунали ЭРБЎТАЕВ,

Фарғона вилояти бош имом-хатиби