Ўтган йилнинг 20 декабр куни Тошкент Ислом университетида "Информатика ва ахборот технологиялари" кафедраси томонидан тақдим этилган "Замонавий ахборот технологиялари ва уларни маънавий-маърифий, диний меросларимизни ўрганишдаги аҳамияти" номли элек­трон дастурий маҳсулотлар кўргазмаси бўлди.

Кўргазмага уч хил йўналишдаги 20 дан зиёд дастурий маҳсулотлар қўйилди. Улар орасида "Усмон Мус­ҳафи", "Ҳадисшунослик", "Имом Бухорий ёдгорлиги", "Қаффол Шоший", "Ал-Ҳидоя" асари ҳамда экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари каби диний-маърифий мазмундаги дастурлар ҳам тақдим этилди.

Зеро аждодлар мероси, миллий-маънавий қадриятларни замоннинг илғор технологиялари асосида ўрганиш ва ўргатиш долзарб вазифалардан саналади. Бу ҳақда кўргазмада иштирок этган дин, маънавият ва маърифат, ахборот технологиялари соҳасининг етук мутахассислари йиғилганларга кенг тушунча ва маълумотлар беришди.