Учоқда муборак диёрга етиб келганимиз ҳақидаги хабарни эшитиб, беихтиёр кўзимдан ёш қуйилди. Раҳмоннинг меҳмони бўлиб, Каъбатуллоҳни тавоф этиш, Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) Равзаларини зиёрат қилиш менга ҳам насиб этиб турибди. Бу кунларга етолмай, ҳажга интилиб, армонда кетган ота-боболаримиз озмиди.

Бирин-кетин ҳаж арконларини бажаришга киришдик. Барчанинг усти-боши бир, ҳамма товозеда. Аммо инсон барибир ҳушёр бўлмоғи керак. Шундай азиз, мўътабар жойларда ҳам шайтон йўлдан уришга шай туради. Озгина кибру ҳаво, манманликка берилсанг бас, улуғ ибодатнинг ажридан маҳрум бўласан.

“Ҳаж қилдим, ҳожи бўлдим”, деб ғурурланиш хато. Чунки бир бежо ҳаракат катта савобни йўққа чиқариши мумкин.

Умра ва ҳаж амалларини адо этиш жараёнида қийинчилик, ноқулайлик, азият чекиш, туртиниш-суртиниш каби ҳолатлар учрайди. Шунда сабрли, одобли бўлиш талаб этилади. Ҳожиларимиз бир зум ҳам бу жиҳатни хотирларидан фаромуш қилмаслиги керак. Шахсан ўзимда шунга ўхшаш бир воқеа содир бўлди. Сафодан Марвага кетаётган эдик. Бир бола ногирон аёл ўтирган аравачани бошқариб бораётган эди. Аравача ғилдираги оёғимга қаттиқ урилди, кўзимдан олов чиқиб кетди. Жон аччиғида зарда билан: «Ўҳ-ўҳ, сени!» деб юбордим. Бола индамай, бош ирғаб, узр сўраган бўлди. Оғриқ босилиб, ҳушим ўзимга келди. Яхши одоб, сабр намунасини кўрсата олмаганимдан хижолатда қолдим. Қачон ўша воқеани эсласам, афсусланаман.

Ҳажни Аллоҳ ризолиги учун холис адо этиш керак. Одамлар бизни “ҳожи” деб улуғлашсин, деб ўйласак хато қиламиз. Каъбатуллоҳга илк бор кўзимиз тушганида: «Эй Аллоҳ, ушбу Байтнинг шарафини, улуғлигини, ҳурматини ва яхшилигини зиёда қил», «Ҳаж ва умра қилувчилардан ким уни шарафласа ва улуғласа, ўшанинг ҳам ҳурматини ва яхшилигини зиёда қил» деб ният қилганимизнинг ўзи етарли. Ният ва дуоларимиз қанчалик ижобат бўлиши Аллоҳ таолога ҳавола. Ўзимизни ўзимиз шарафлашимизга ёки буни тамаъ қилишимизга ҳеч бир асос йўқ.

Юртга қайтиш куни етиб келди. Байтуллоҳга бориб видолашув тавофини адо этдик. Бу тавоф ҳам умра ва ҳажнинг фарз тавофларидек адо этилиши вожиб экан. Аллоҳ таолога илтижо қилиб дуолар ўқилди. Ҳожиларимиз бу ерда дилидаги бор эзгу тилакларни Аллоҳдан сўрашди. Мен бу жойда ҳажга энди навбатда турган бошқа юртдошларим, яқинларим келишсин, дея Аллоҳ таолога илтижо қилдим.

Азимжон ҚОСИМОВ