Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим!

Аллоҳ таолога чексиз ҳамду сано, Пайғам­баримизга дуруд, салавот ва саломларимиз бўлсин.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ясрибга (яъни, Мадинага) келганларида бу шаҳар аҳлининг байрам қиладиган икки куни бор эди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бу кунлар ҳақида сўрадилар. “У кунлари биз жоҳилият даврида ўйин-кулгу қилардик”, дейишди улар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло у иккисини сизлар учун энг яхши – Рамазон ва Қурбон ҳайити кунларига алмаштирди”, дедилар.

Бу икки улуғ байрамдан бири – Қурбон ҳайитини нишонладик. Юртимиз мусулмонлари бу файзли, шукуҳли кунни юқори кайфиятда ўтказди. Муҳтарам Юртбошимизнинг фармонига кўра, ҳар йили ҳайитларимиз дам олиш куни деб эълон қилиниши ҳам байрамимизга ўзгача мазмун бахш этади.

Ҳайит кунлари ота-оналарни эъзозлаш, қариндош-уруғларни, ёр-дўстларни, устозларни, кексаларни зиёрат қилиб, дуоларини олиш, ногиронлар ҳолини сўраш мусулмонларга ярашиқли, савоби улуғ ишлардир.

Бирор сабабга кўра аразлашган, гина-кудуратли ака-ука ё таниш-билишлар ҳам ҳайит шарофати билан бир-бирларига қучоқ очсинлар. Чунки кечиримли ва меҳр-оқибатли бўлиш  чин мўминга хос олий фазилатдир.

Расули акрамдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кишиларга хайру саховат кўрсатиш бобида кўплаб ҳадиси шариф ривоят қилинган: “Бир-бирларингдан алоқани узманглар, бир-бирларингдан юз ўгирманглар, бир-бирларингга ҳасад қилманглар, Аллоҳнинг яхши оға-ини бандалари бўлинглар” (Имом Термизий); “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қариндошлари билан алоқани боғласин” (Имом Бухорий, Имом Муслим); “Мўмин киши ўзи тўқ бўлатуриб, қўшнисини оч қўймайди” (Имом Аҳмад).

Баъзилар ҳайит кунларида исрофгарчиликка сабаб бўладиган, динимизда йўқ турли маросимлар ўтказишни одат қилиб олишган. Яқинлари вафот этган хонадонларда ҳайит хурсандчилигига раҳна соладиган маросимлар ўтказилади. Бу ишлар бидъатдан бошқа нарса эмас. Мўмин-мусулмон исрофга, байрам кунини мотамга айлантиришга, хурсандчилик ўрнига ғам-қайғуга берилмайди. Бидъату хурофий тадбирларга кетадиган маблағларни муҳтожларга, фақир-мискинларга, етим-есир, бева-бечораларга тарқатган яхши. Чунки ҳайит мусулмонларнинг шод-хуррамлик, кўнгил олиш, меҳр-оқибат байрами. Уни динимиз талабларига мувофиқ, йиғи-сиғисиз, хурсандчилик билан, хуш кайфиятда ўтказиш зурур.

Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин! Қалбларимиз ва хонадонларимизга ушбу қутлуғ байрамнинг файзу баракоти ёғилсин.

Абдулазиз МАНСУР,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари