Шу йил 7–12 январ кунлари Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида ўрта махсус Ислом билим юртларининг тафсир фани ўқитувчилари учун малака ошириш курси ташкил этилди. Унда "Тафсир илмининг мақсад ва вазифалари", "Қуръонни тафсир қилиш шартлари ва одоблари", "Жаҳон динлари манбаларининг қиёсий таҳлили", "Марказий Осиё тафсиршунослиги", "Қуръони каримда келтирилган қиссаларнинг тарихий таҳлили", "Замонавий педагогик технологияларни диний таълим муассасаларида қўллаш методологияси" каби мавзуларда маърузалар тингланди. Нотиқлар тафсир фанининг аҳамияти, Ҳанафий мазҳаби асосида ёзилган китоблар ва уларнинг шарҳларидан унумли фойдаланиш ҳақида гапирдилар.

Бир-биридан қизиқарли ва мазмунли дарслар тингловчиларда катта таассурот қолдирди. Улар малака ошириш мобайнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасидаги ҳазрат Усмон мусҳафини, Қатағон қурбонлари хиёбонини зиёрат этишди ҳамда Амир Темур музейи, Рус православ черкови семинарияси, Тошкент Давлат Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди фаолияти билан танишишди.

Қуйида тингловчиларнинг дил сўзларини баён қиламиз.

 

Шоҳиста Ярашева,

«Жуйбори калон» аёл-қизлар ўрта-махсус Ислом билим юрти ўқитувчиси:

– Малака ошириш курсида юртимизнинг кўзга кўринган олимларидан таҳсил олдик. Ҳали ўз устимизда кўп ишлашимиз керак экан. Замонавий педагогик технологиялар асосида дарс ўтилганда талабаларни баҳолаш осон ва қулай бўлишини тушуниб етдик. Шу технологиялар асосида алоҳида қўлланма яратилса, ҳаммамиз учун манфаатли бўлади, деган умиддаман.

 

Абдуғофур НиёзҚулов,

«Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус Ислом билим юрти ўқитувчиси:

– Шайх Абдулазиз Мансурнинг ва Салоҳиддин Шариповнинг тартибли дарс ўтиш усуллари тингловчиларда бу фанга нисбатан қизиқишни орттирди. Ҳайдархон Йўлдошхўжаевнинг аниқ далил ва ҳаётий мисолларга асосланган дарслари, Истеъдод жамғармаси профессори Равшан Ишмуҳамедовнинг замонавий педагогик технологиялар бўйича берган сабоқлари жуда манзур бўлди.

 

Муҳаммадсиддиқ Собиров,

«Фахриддин Розий» ўрта махсус Ислом билим юрти мударриси:

– Малака ошириш курсидан ўзимиз учун кўплаб керакли маълумотларни олдик. Ўрганган илм­ларимизни дарсларда қўллаймиз. Бундай курслар бошқа фанлардан ҳам ташкил этилса ва муддати узайтирилса, янада самарали бўларди деб ўйлайман.

 

Баҳодир Абдураҳмонов

Муҳаммад Беруний ўрта махсус Ислом билим юрти ўқитувчиси:

– Катта ҳаётий ҳамда педагогик тажрибага эга устозларимизнинг дарсларини мароқ билан тингладик. Малака ошириш курсини ташкил қилган раҳбарларимизга ва қулай шароитларни яратиб берган Тошкент Ислом институти ректори ҳамда институт жамоасига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

 

Ибодулла АҲРОРОВ