Инсон маънавий камолотга, икки дунё саодатига устоз ва мураббийлар тарбиясисиз эришолмайди. Маънавият моддиятдан устун бўлганидан устоз-муаллимлар ҳар бир даврда эъзозланган.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд)­ даража (мартаба)ларга кўтарур” (Му­жодала, 11). Мазкур ояти карима олим ва илм ўргатувчилар мартабаси нафақат бандалар олдида, балки Аллоҳ таоло ҳузурида юқори эканига далолат қилади. Зеро, улар буюк муаллим бўлмиш Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) меросхўрларидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Шубҳасиз, Аллоҳ таоло, фаришталар, осмон ва ердаги барча мавжудотлар, ҳатто уясидаги чумоли, денгиздаги балиқлар инсонга яхшилик ўргатган муаллим ҳаққига дуо қилади” (Имом Термизий ривояти).

Ҳазрат Али (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: “Менга битта ҳарф ўргатган одамнинг қулиман. Хоҳласа сотади, хоҳласа озод қилади ва хоҳласа қул қилади”. Шу маънода Шайх Шерозий: “Ким фарзанди олим бўлишини истаса, олимларни ҳурмат қилсин, улуғласин ва фарзандининг устозларига ҳадялар юборсин”, деб таъкидлаганлар.

Ҳасан Басрий айтадилар: “Олимлар бўлмаганида, инсонлар чорва моллари каби бўлиб қолардилар”. Яьни, илм олимлар орқали тарқалади ва у билан инсонлар улуғликка етишадилар.

Немис олими Фихте устозларга қуйи­дагича таьриф беради: “Устозлар само ёритқичи каби ёғду сочадилар. Эзгулик йўлини кўрсатувчи юлдузларга ўхшаб мудом чарақлаб турадилар”.

Ҳар бир нарсада бўлгани каби илм ўрганишнинг ҳам ўзига яраша йўл-йўриғи, одоби бор. Шогирд устози ва у берган таълимни улуғлаш, ҳурмат қилиш билан илмга эришади. Зеро, ҳурмат қўрқув сабабли юзага келган тоатдан афзалдир.

Мўьтабар китобларимизда шогирдлик одоблари батафсил келтирилган. Улардан айримлари қуйидагилардир:

– шогирд устозидан олдин юрмаслиги;

– ўрнига ўтирмаслиги;

– ҳузурида рухсатсиз, бекорчи гапларни гапирмаслиги;

– малол келадиган вақтда савол бермаслиги;

– розилигини топишга ҳаракат қилиши;

– ғазабидан сақланиши;

– буйруқларини албатта бажариши лозим.

Шогирд устозининг фарзандларини ҳам ҳурмат қилиши керак. Аслида, бутун умри давомида устози хизматида бўлса ҳам, унинг ҳақини адо қила олмайди.  Улуғлар бу одоб ва кўрсатмаларга амал қилишган. Айтилишича, ҳазрат Навоий Абдураҳмон Жомийнинг кўчасидан асло от устида ўтмас экан. Шундай кунлардан бирида устозининг эшиги олдида ўйнаб юрган кичкинтойга салом бериб, ҳурмат билан кўришиб ўтган Навоийдан сўрашади: “Бир кичкинагина болага шунча эҳтиром кўрсатиш шартми?” У киши жавоб беради:

– Бу бола устоз Жомийнинг набираси. Устознинг фарзанди, набираларига ҳам ҳурмат кўрсатишни шогирд ўзига бурч билмоғи зарур.

Энг муҳим жиҳат, устоз-мураббийларнинг илм ўр­гатиши энг олдин Аллоҳга ибодат бўлса, иккинчи томондан Расулуллоҳга (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) меросхўрликдир. Улар энг қимматбаҳо бойлик хазиначилари. Инсонларга бу хазинани улашиш ҳуқуқи, имкони устоз, муаллимларга берилган.

Аллоҳ таоло барча ус­тоз ва мураббийларнинг машаққатли меҳнатларида мададкор бўлсин.

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти 3-босқич талабаси Жаҳонгир РЎЗИЕВ тайёрлади.