2013 йил "Обод турмуш йили" деб номланди. Ўтган давр мобайнида олиб борилган ислоҳотларни давом эттириш, халқимизнинг турмушини янада фаровонлаштириш мақсадида йил шундай аталди.

Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаларида янги йилга шундай ном беришни таклиф қилар эканлар, ободлик тушунчасига алоҳида эътибор қаратиб, уни қуйи­дагича изоҳлаб бердилар:

"Шуни таъкидлаш керакки, обод деган сўзнинг маъносини биз жуда кенг ва чуқур тушунамиз. Обод деганда, халқи­миз, миллатимиз нафақат кўркам ва чиройли, шу билан бирга, тинчлик ва осойишталик, ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик, файз-барака ҳукмрон бўлган жойларни, доимо пок ният ва соғлом интилиш билан яшашни тасаввур қилади".

"Обод турмуш йили" муносабати билан қабул қилинган Давлат дастурида қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилган.

Биринчидан, Ўзбекистонимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро аҳиллик ва ҳамжиҳатликни кўз қорачиғидек сақлаш ва мустаҳкамлаш бундан буён ҳам энг муҳим, ҳал қилувчи вазифамиз бўлиб қолиши даркор.

Дарҳақиқат, эл-юрт тинчлиги учун хизмат қилиш динимизнинг асосий кўрсатмаларидандир. Ватан – муқаддас даргоҳ. Уни ҳимоя қилиш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Иккинчидан, обод ҳаёт деган тушунча азал-азалдан халқи­мизнинг онгу тафаккурида фаровонлик, тўкинлик, мўл-кўлчилик, қут-барака маъноларини мужассам этиб келади. Шунинг учун ҳам бугунги кунда халқ фаровонлиги тушунчаси Ватан равнақи ва юрт тинчлиги туфайли, биз учун энг азиз ва муқаддас бўлган қадриятлар билан биргаликда миллий ғоямизнинг асосий мазмун-моҳиятини ташкил этмоқда.

Аҳоли фаровонлигини, унинг реал даромадларини ошириш, бандлик масаласини ечиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, давлат томонидан бериладиган аниқ манзилли ижтимоий ёрдам тизимини такомиллаштириш каби вазифалар доимо эътиборда бўлиши лозим.

Халқимизнинг "Меҳнатдан келса бойлик турмуш бўлар чиройли", деган мақолида мужассам бўлган ҳақиқатни ҳаётимиз тарзига айлантириш йўлида жорий йилда ҳам катта-катта ишларни амалга оширишимиз зарур.

Учинчидан, обод турмушнинг яна бир муҳим шарти – инсон саломатлигини мустаҳкамлаш  эканини барчамиз яхши тушунамиз. Ҳақиқатан ҳам, одамларимиз қачон, қаерда бўлмасин, дуога қўл очар экан, аввало, "Тани соғлик, тинчлик-хотиржамлик бўлсин, юртимиз обод бўлсин", деб ният қилиши бежиз эмас, албатта.

Шу боис халқимизнинг саломатлигини ҳимоялаш, бунинг учун соғлиқни сақлаш тизимини энг замонавий даволаш воситалари, техника ва технологиялар билан таъминлаш, профилактика, яъни касалликларнинг олдини олиш ишларини янада мукаммаллаштириш, бу соҳада фидокорона меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларининг машаққатли ва масъулиятли меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш масалалари  доимий муҳим вазифа бўлиб қолади.

Тўртинчидан, халқимизнинг турмуш даражасини юксалтириш, жумладан, янги уй-жойлар, замонавий йўл ва коммуникация тармоқларини барпо этиш, аҳолини етарлича тоза ичимлик суви билан таъминлаш, коммунал хизмат соҳасидаги муаммоларни ечиш каби долзарб масалалар бўйича ҳам Дастурда аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

Яна шуни таъкидлаш керак, Юртбошимиз раҳнамоликларида Ўзбекистонда қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш ва янгилаш, уй-жой, зарур ижтимоий ва коммунал объектлар ва коммуникацияларни барпо этиш борасида улкан ишлар амалга оширилди ва давом эттирилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 3 августда қабул қилинган "Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори бу борада муҳим дас­туриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

2012 йилда мамлакатимиз миқёсида 9,3 миллион квадрат метр, шу жумладан, қишлоқ жойларда 7,2 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди.

Бешинчидан, биз турмушимизни янада обод қилиш вазифасини олдимизга қўяр эканмиз, бир ҳақиқатни чуқур англаб олишимиз зарур. Яъни, ҳаётимизни обод қилишнинг муҳим шарти – бу аввало, маҳаллани обод қилишдан бошланади.

Бу борада ўзини ўзи бош­қариш тизимини, ижтимоий ҳимоялашни янада такомиллаштириш, маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини янада кучайтириш, унга янги ҳуқуқ ва ваколатлар бериш бўйича ҳам кенг жамоатчилик иштирокида амалий таклифлар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Юртимизда маҳалла азалдан чинакам миллий қадриятлар, эзгу амаллар маскани сифатида шуҳрат қозонган. Меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик, эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиш, тўй-томоша, ҳашар ва маъракаларни кўпчилик билан бамаслаҳат ўтказиш каби халқимизга хос урф-одат ва анъаналар шу масканда шаклланган. Истиқлол йилларида эса маҳалланинг ҳаётимизда тутган ўрни ортиб, ваколатлари доираси тобора кенгаймоқда.

Бугунги кунда республикамиздаги 10 мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқа­риш органлари томонидан 30 дан зиёд ижтимоий йўналишдаги вазифалар муваффақиятли бажариб келинаётгани бунинг яққол далилидир. Хусусан, маҳалланинг ёшларни баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш, оила инс­титутини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш, жамиятда бар­қарорликни таъминлаш борасидаги ўрни ва аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб, солиштириб бўлмайди.

Олтинчидан, ҳаётимизни янада соғлом ва обод қилиш аввало аёл зотининг жамиятимиздаги ўрни ва нуфузини, ижтимоий фаоллигини янада ошириш, хотин-қизларнинг турли жабҳа ва йўналишларда қилаётган ишларини муносиб баҳолаш, хонадонлар чироғи бўлмиш уй бекаси, опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш биринчи навбатда турмушимизни фаровон этиш билан узвий ва чамбарчас боғлиқдир.

Аёл, аввало, онамиз, опамиз-синглимиз, умр йўлдошимиз. Уларнинг ҳар бирини муносиб қадрлаш барчамизнинг бурчимиз. Ўзбекистонимизда миллий ва диний қадриятларга асосланган ҳолда аёлга бўлган эътибор ўзгача. Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) "Жаннат оналар оёғи остида" деганлар. "Обод турмуш йили" Давлат дастурига аёлларнинг нуфузи, қадр-қимматини кўтариш масаласининг киритилиши айни муддаодир.

Бу режалар юртимиз обод­лиги, турмушимиз фаровонлигини юксалтиришга қаратилган.  2013 йилнинг айнан шу ном билан аталиши бежиз эмас. Бундан кўплаб маъноларни тушунишимиз мумкин. Мустақиллик йилларида босиб ўтган йўлимизга назар ташласак, бу ном юртимизнинг ҳозирги мав­қеига қанчалик мос эканлигининг гувоҳи бўламиз. Аллоҳ таоло юртимизни тинч, хал­қимиз турмушини янада фаровон айласин.

 

Ҳайдархон ЙЎЛДОШХЎЖАЕВ,

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректори