Тошкент Ислом университети қошидаги академик лицей раҳбари Акбар Казакбаев билан суҳбат

 

– “Тошкент Ислом университети қошидаги академик лицей” деган иборанинг ўзиёқ устозлар ва талабаларга масъулият юклайди, шундай эмасми?

– Ҳа, албатта. Университетимизнинг очилиш маросимида Юртбошимиз бу даргоҳдан Имом Бухорийлар, Имом Термизийлар етишиб чиқади, деб умид билдирган эдилар. Ана шундай улуғ мақсад сари илк қадам ўлароқ ташкил қилинган бу таълим даргоҳида ўқиш ва ўқитишнинг ўзига яраша катта масъулияти бор. Муқаддас динимизга доир бой маънавий-маданий меросни асраш, заминимиздан етишиб чиққан буюк алломалар асарларини чуқур ўрганиб, таҳлил этадиган, шунингдек, ил­мий тадқиқот қилиш қоби­лиятига эга ёшлар бугун ҳар қачонгидан ҳам зарур. Тошкент Ислом университети қошидаги академик лицейга ана шундай буюк ғоя ва мақсадлар йўлида маърифат остонаси бўлишдек вазифа юкланган.

Ҳозир академик лицейда 2 та: аниқ фанлар ҳамда хорижий филология йўналиши бўйича ўқитилади. “Она тили, адабиёт ва маънавият асослари”, “Аниқ фанлар”, “Табиий фанлар”, “Инглиз тили”, “Рус тили ва адабиёти”, “Ижтимоий-гуманитар фанлар”, “Араб тили” кафедралари фаолият юритади. Талабаларга малакали муаллимлар билан бирга Тошкент Ислом университети профессор дом­лалари ҳам таълим беришади.

Лицейимизда илм ўр­­ганиш ва тар­бия олиш учун қулай ша­роитлар мавжуд. Ахборот-ресурс маркази барча янги авлод адабиётлари билан таъминланган. Кимё, физика, биология ҳамда лингафон, компютер, лаборатория хоналари замонавий жиҳозланган, шарт-шароитлар кўнгилдагидек.

Битирувчиларимиз Тошкент иқтисодиёт университети, Вестминистр, Турин политехника университетлари, Тошкент Сингапур институти, Тошкент давлат жаҳон тиллари университети каби бошқа олий ўқув юртларида таҳсил олишяпти.

–  Ўқувчиларнинг шу кунгача эришган ютуқлари ҳақида гапирсангиз?

– Лицейимизда иқ­ти­дорли ўқувчилар кўп­. “Маънавият сари етти қадам” деб номланадиган мана бу китоб муаллифи (қўлига олиб) 2-босқич талабаси Акобир Носирхўжаев.

Ўқувчиларимиздан Мадина Пўлатова “Зулфия” мукофотининг республика босқичигача етиб борди. Ўқувчиларимиз орасида иқтисодиёт фани бўйича республика фан олимпиадаси ғолиби бор. Лице­йимизнинг “Ёш оила мактаби” гуруҳи аъзолари яқинда “Биз ёшлар соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз” шиори остидаги тадбирда биринчиликни қўлга киритишди. “Миллий либослар” кўрик-танловида Дилбар Рамазон биринчи ўринни эгаллади. “Маҳаллам тарихини ўрганаман” номли кўрик-танловида ҳам фаол қатнашишди. “Бунёдкор ёшлар боғи” ҳам ташкил қилишган. “Зиё” студиясида муаллифлик дастурлари тайёрлашади, университетнинг “Зиё садоси” радиоси, “Ислом зиёси” газетасида ҳам ўқувчиларимиз фаол. Мана бу “Юксак маънавият – енгилмас куч”ни ўқиб ёхуд эртанинг эгалари сўзи”  деб номланадиган китоб лицейимиз ўқувчиларининг 2-тўплами.

–Устоз шогирдини камолга етказиш учун қийинчиликларга сабр қилиши керак...

Тўғри айтасиз. Мен ҳам, бошқа ҳам­касбларим каби ма­шаққатли бўлса ҳам, хайрли йўлда эканимдан бахтиёрмиз. Аллоҳ насиб қилса, касбимдан саодат топишдан умидворман. Ўқувчиларим ютуғини кўрсам, барча қийинчиликлар унутилади. Устоз учун шогирд камолидан ортиқ бахт бўлмаса керак. Ўзим ва ўқувчиларим олдига қўйган талабларим кўп, мақсадларим ҳам. Ўқитувчилар ва мураббийлар куни билан шарафли вазифани холис адо этаётган барча ҳамкасбларимни таб­риклайман.

 

Зебунисо ҲУСАЙН суҳбатлашди.