Ҳар фаслнинг ярашиқли ўрни бор. Аммо ҳеч бирини баҳорни кутганчалик интиқиб кутмаймиз.

Аслида баҳорнинг боши март ойи ҳисобланади. Аммо февралданоқ кўклам нафаси уфура­ди. Ҳали қиш тугамай кўкка, сумалакка оғзимиз тегади. Дарахтларнинг куртаклари бўртиб қолганини кўриб, яна шу кунларга етганимиздан суюнамиз, Наврўз билан бир-биримизни қутлаймиз.

Айниқса, бу кунларда хал­қи­миз­­нинг эзгу фази­латлари янада ортади. Наврўз байрамида ёлғиз, бемор, ногиронлар ҳолидан хабар оладилар. Уларга ҳадялар улашилади. Ёрдамга муҳтож, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари ҳар йилгидек Наврўз байрами кунлари эзгу анъаналарни давом эттириб, ёлғиз қариялар, беморлар, меҳрибонлик уйларидаги болалар ҳолидан хабар олишди. Уларга моддий-маънавий кўмак бериб, кўнгилларини кўтаришди.

Шундай хайрия тадбирларнинг бири март ойи­нинг йигирма биринчи куни Олмазор туманидаги 24-меҳрибонлик уйида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Абдураззоқ Юнусов ва “Мунаввар қори” жоме масжиди имом-хатиби Собиржон Рустамовлар иштирок этишди. Ўша куни идора ҳомийлигида ушбу масканда тарбияланаётган ўн олти нафар болакайнинг хатна тўйлари ўтказилди. Тўйболаларга кийим-бош ва турли совғалар улашилди. Байрам дастурхони тузалиб, болалар меҳмон қилинди.

Тадбирда cўз олган Ўзбекис­тон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Абдураззоқ Юнусов болаларни байрам билан қутлаб, муассаса ҳисоб рақамига ўтказилган хайрия маблағи чекини меҳрибонлик уйи директорига топширди.

 

Муҳаммад СИДДИҚ