Қишлоқларимиз кундан-кун гўзаллашиб бораётгани дилларни яйратади. Замонавий услубда қурилган икки қаватли уйлар туман марказини янада файзли қилди. Ҳозир бу уйларга бир неча ёш оилалар кўчиб ўтди. Бугун бу ерлар шаҳардан қолишмайди. Айниқса, қишлоқ тиббий муассасаларидаги жиҳозлар илгарилари фақат вилоят марказларидагина бўларди. Тиббий кўрикдан ўтиш учун қийналиб шаҳарга боришга тўғри келарди. Энди ҳамма нарса қишлоқда етарли. Бундай қулайликлар, катта имкониятларни кўриб, беихтиёр Яратганга шукроналар айтасан киши.

Бизнинг жоме масжидимиз яқин-ат­рофида Ҳолдевонбек, “Соли махсум”, Қўр­ғонча, Кўприкбоши, Довлоқ маҳал­лалари бор. Одамлари аҳил, ҳамжиҳат, ҳар бир ишни маслаҳат билан ҳал этишади.

Жорий йилнинг “Обод турмуш йили” деб аталиши, қишлоқдошларимиз ғайратига яна ғайрат қўшди. Маҳаллалар фаоллари, тадбиркорлар ёлғиз, кекса, ногирон, камтаъминланган оилалар кўнгилларини обод қилишга сидқидилдан ҳаракат қилишмоқда.

Наврўз байрами олдидан маҳаллаларда катта ҳашар ўтказилди. Ариқлар тозаланди, йўл бўйларига икки мингга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди, гуллар экилди. Қабристонлар атрофи тартибга келтирилиб, йўллар таъмирланди.

Ҳашардан кейин ҳимматли фермерлар элга ош беришди.

Обод турмуш йилида қиш­лоғимизда Наврўз байрами меҳр-оқибат, ёши улуғларга ҳурмат, кичикларга иззат, ҳиммат ва саховат каби эзгу анъаналаримиз мустаҳкам қарор топаётган бир шароитда ўтказилгани янада қувонарлидир.

 

Саидамирхон БОБОХОН ўғли,

Бўз тумани “Абдуназар ота” жоме масжиди имом-хатиби