Аёл-қизларнинг ҳаётдаги ўрни беқиёс. Улар насл давомчиси, авлодлар тарбиячиси. Илмли, маънавияти юксак, жисман ҳам руҳан соғлом аёллар жамиятнинг бебаҳо бойлигидир. Ўзбекистон мусулмонлари идорасида бўлиб ўтган Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятидаги туман-шаҳар бош имом-хатибларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари йиғилишида шулар ҳақида сўз борди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Абдураззоқ Юнусов йиғилишни очиб, аёлларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида гапирди. "Ободлик кўнгилдан бошланади" мавзуидаги маърузасида турмуш обод­лиги кўнгил обод­лигидан бошланишини таъкидлади. Халқимиз ҳаётининг обод бўлишида маърифатли, зиёли инсонлар, хусусан, отинойиларнинг вазифаларига алоҳида эътибор қаратди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур "Диний  расм-русумларни ҳанафий мазҳаби асосида ўтказиш ва бидъат-хурофотларнинг олдини олиш  чоралари" ҳақида маъруза қилди. Исломда эътироф этилган тўрт фиқҳий мазҳаб тўғрисида маълумот бериб, бошқа мазҳаб вакиллари билан қандай муносабатда бўлиш зарурлигини тушунтириб ўтди. Аёллар орасида тарқалган бидъат-хурофотларнинг олдини олиш  ҳақида бундай деди:

– Айримларнинг аёлларни "Биби Сешанба", "Мушкулкушод" каби хурофий маросимлар ўтказишга ундаётгани ҳақида эшитяпмиз. Отинойилар ўз номи билан аёл-қизларни маърифатга чорлайдиган муаллималардир. Улар орқали ҳақиқий илму маърифат тар­қалиши керак.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси Мариям Абдуллаева "Отин­ойи­­ларнинг бугунги кундаги долзарб вазифалари" мавзуидаги маърузасини кўргазмали олиб борди. Энг олдин "отинойи" сўзининг маъносига диққат қаратиб, бугунги кун отинойилари қандай бўлиши кераклиги ҳақида батафсил тушунтириш берди.

"Балоғат ёши – камолот ёши эмас" мавзуида маъруза қилган Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси Мунира Абубакирова эрта турмуш қуриш ва яқин қариндошлар орасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари ҳақида маълумот берди. Соғлом оилани барпо қилиш борасида мамлакатимизда жорий этилаётган қатор қонунлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов, Тошкент вилояти Зангиота тумани бош отинойи­си Нигора Имомова, Тошкент шаҳар  бош отинойи­си Тожихон Назарова ҳам бу масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Йиғилишда  Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулепов, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби  Қурбонали Турсунов, Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг ўринбосари Жасур Раупов,  "Хадичаи Кубро" аёл-қизлар ўрта махсус Ислом билим юрти мудираси Розия Шодиева иштирок этишди.

 

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи