2008 йили Юртбошимиз ташаббуслари билан очилган Имом Бухорий Халқаро Марказида тингловчи бўлиш бахти менга ҳам насиб этди. Республикамизнинг турли ҳудудларидан келган етмиш нафар имом-хатиблар биргаликда дарс тинг­ладик, фикр алмашдик.

Аввалига барчамизни ҳаяжон чулғаб олган эди. Гўё, Имом Бухорий ҳазратларининг ўзларидан сабоқ олишга келгандек, у зотга рўбарў бўладигандек, бизни ҳайбат ва салобат босарди. Бу ҳаяжон ҳийла босилишига дарсни дастлаб бошлаб берган муфтий Усмонхон Алимовнинг суҳбатлари ёрдам берди. Муфтий ҳазратлари улуғ зотнинг мақбараси собиқ шўролар даврида қандай аҳволда бўлгани ва мустақиллик йилларида қай тариқа обод этилгани хусусида сўзлади. Сўнгра ўзлари бошчилигида Имом Бухорий ҳазратларининг мақбараларини зиёрат қилдик.

Ҳадиси муборакда: "Бешикдан қабргача илм талаб қилинг­лар", дея баён этилган. Инсон илм ўргангани сайин ўзининг билмаганлари кўплигини англаб бораркан. Ўз соҳасининг етук мутахассислари, таниқли уламолар фанларни чуқур тушунтириб дарс ўтишди. Айниқса, иқтисодиёт, сиёсат соҳасида билим ва малакаларимиз ҳамда Ватан, халқимиз олдидаги масъулият туйғуси янада ошди.

Имом Бухорий Халқаро Маркази раҳбарияти ва таълим берган барча устозларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

 

Абдулла ЙЎЛДОШЕВ,

Тошкент шаҳридаги "Исломобод" жоме масжиди имом-хатиби