Азим Тошкент динимиз ривожида беқиёс ўрин эгаллаган Имом Қаффол Шоший, Шайх Хованд Тоҳур, Хожа Аҳрор Валий, Ҳофиз Кўҳакий, Иброҳим ота, Қўйлиқ ота сингари азиз-авлиёлар, юзлаб алломаю мутафаккир зотларга камолот бешиги бўлиб хизмат қилган. Халқ ўртасида Шайх Зайниддин ота номи билан машҳур бўлганШайх Зайниддин Кўйи Орифоний Тошкандий ибн Шайх Шаҳобиддин Абу Ҳафс Умар Суҳравардий ҳам ана шундай мўътабар инсонлардан бири. Пойтахтимизнинг Кўкча маҳалласидагийирик жоме масжид шу зотнинг номи билан аталади.

Шайх Зайниддин бобонинг отаси бағдодлик шайх Шаҳобиддин Суҳравардий (1145–1235) машҳур сўфий, суҳравардия тариқатининг раҳнамоларидан бири бўлган. Шайх Шаҳобиддин 1215 йили Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳузурига Бағдод халифаси Носирнинг (1180–1225) элчиси сифатида келади. Отаси вафотидан сўнг Шайх Зайниддин унинг таълимотини кенг тарғиб этади. У зот Кўйи Орифоний деб улуғланган.У киши нафақат тариқат муршиди, балки фалакиёт илмининг билимдони ва ерости йўллари муҳандиси ҳам бўлган.

XVI асрда вужудга келган Орифон маҳалласи (қишлоғи) XIX асрда Шайх Зайниддин бобо, кейинчалик Кўкча номини олган. Бу атама “кохча”, яъни “қалъача” сўзидан келиб чиққан бўлиб, VI–XI аср тарихий ёдгорлиги – Кўкча Оқтепага нисбатан айтилган.

“Шайх Зайниддин” мақбараси ёнидаги масжид XIX аср охирларида қурилган, мустақилликкача бўлган вақт мобайнида бир неча марта қайта таъмирланган.

Табиий, масжид илгари бугунгидек катта эмасди. Қолаверса, масжиднинг мустақилликкача бўлган ҳолати ҳавас қиларли даражада эмасди. Обод турмуш йили муносабати билан “Шайх Зайниддин” жоме масжидида катта таъмирлаш ишлари олиб борилиб, ҳозирги кўркам ҳолатига келтирилди. Хонақоҳларда яратилган шароитлардан одамлар жуда мамнун. Масжид биноси олти минг намозхонга мўлжалланган, қулай шарт-шароитларга эга икки қаватли хонақоҳ, ромли айвон, таҳоратхона, ошхона, мутавалли ва имом-хатиб хонасидан иборат.

Қувонарли томони, бугун кўнгиллар ободлигини “Шайх Зайниддин” жоме масжиди тимсолида кўриш мумкин, чунки бу масжид ўз тарихи ва айни ҳолати билан она халқимизнинг ўтмиши ва бугунидан ҳикоя қилади.

 

Одилхон Исмоилов,

«Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом-хатиби