Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

 

Аллоҳ таолонинг яратган махлуқотлари ичида энг азиз ва мукаррами инсон зоти экан, унинг ёшу кексаси ҳам, аёлу эркаги ҳам бирдек қимматлидир. Ислом дини инсон қадри­ни шу даража юқори кўтарганки, у ҳаётлиги даврида ҳам, оламдан ўтгандан кейин ҳам ҳурмати бирдек қадрланади. Аллоҳ таоло: "Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик..." (Исро, 70), дейди.

Аллоҳ таборака ва таоло инсонни бу дунёда турли-туман қийинчилик ва мусибатлар билан унинг имони қай даражада мустаҳкам эканини синовлардан ўтказади. Саботи ва қатъияти ила мана шу имтиҳон ва синовлардан муваффақиятли ўтганлар албатта, Аллоҳ таолонинг олий мукофотларига сазовор бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

"Сизларни бир оз хавф-хатар, очлик (азоби)билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: "Албатта, биз Аллоҳнинг мулкимиз ва, албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз", дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират)ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир" (Бақара, 155–157).

Аждодларимиз ушбу ояти кариманинг маъно ва мазмунидан келиб чиққан ҳолда бошларига келган ҳар қандай мусибат, қора кунлар, қатағон ва уруш йилларининг мислсиз даҳшатлари олдида эсанкираб қолишмади, ўзлигини асло йўқотишмади. Мустаҳкам имон, Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидворлик уларга ҳар вақт ҳамроҳ бўлди, келажакка катта умидлар билан боқишди.

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар айтамизки, мана бугун улуғ аждодларимиз орзу қилган буюк неъмат – Ватан озодлиги ва мустақиллигига эришилган нурли кунларга етиб келдик.

Истиқлол йилларида улуғ аждодлар хотирасини қадрлаш, мамлакат тараққиёти, юрт озодлиги йўлида жонбозлик кўрсатган фидойи юртдошларимиз руҳини шод этмоқ учун эзгу амалларга бел боғлашдек савоб юмуш дилимиздаги ёруғ ниятлардан бирига айланди.

Дарҳақиқат, инсон – ҳаёт гултожи. Яратганнинг инъоми – онгу тафаккурнинг фақатгина одамзодга берилгани мазкур ҳақиқатга яна бир далилдир. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари ва ғоялари асосида, мана бир неча йилдирки, 9 май Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланмоқда. Бу инсон зотига, унинг муқаддас ёдию умри давомида бажарган эзгу амалларига бўлган чексиз эҳтиром рамзидир. Шунинг учун ҳам пойтахтимиздаги Хотира майдони ҳар доим гавжум. Жанггоҳларда жон фидо этган ватандошларимиздан қарийб 435 минг нафарининг номи "Хотира китоби"нинг зарҳал варақларига мангу муҳрланган. Юртбошимиз ташаббуси билан кейинги пайтда яна 3725 нафар ҳамюртларимиз – Иккинчи жаҳон урушида бедарак кетганларнинг номи аниқланиб, ушбу китоб саҳифаларига киритилди.

Албатта, биз марҳумларимизни ҳамиша ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод қилиш учун савобли амалларни бажарамиз, Қуръони карим оятларидан тиловатлар қилиб, руҳларига бағишлаймиз. Зеро, ўтганларни эслаш ва уларга истиғфор айтиш, қабрларини зиёрат қилиш ва ҳақларига дуолар қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло мар­ҳамат қилиб айтади: "Улардан кейин (дунёга)келган зотлар айтурлар: "Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!" (Ҳашр, 10).

Шунингдек, марҳум яқинларимизни доимо яхши сифатлари билан эслаш ҳам бурчимиздир. Бу ҳақда жуда кўп оят ва ҳадислар ворид бўлган. Жумладан:

"Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар" (Термизий ривояти), деганлар Расулуллоҳ (солаллоҳу алайҳи ва саллам).

Шариатимиз кўрсатмаларига кўра, ўтганларнинг қабрларини зиёрат қилиш суннат амаллардандир. Чунки Пай­ғамбаримиз (солаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан кейин шундай марҳамат қилганлар:

"Сизларга қабрлар зиёратини тақиқлаган эдим. Мана энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро, у сизларга охиратни эслатади" (Термизий ривояти).

Демак, қабристонга борганда у ерда ётган марҳумларнинг аҳволини ўйлаб, ундан ҳар ким ўзига ибрат олиши лозим. Зеро, улар ҳам бизлардек яшаганлар, турли амалларни қилиб ўтганлар. Ҳозирда эса Аллоҳнинг ажри ёки уқубатига сазовор бўлган ҳолда ётишибди. Расули акрам (солаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ўлим насиҳат олиш учун етарли ҳодисадир"(Табароний ривояти), деганлар.

Қабристонни зиёрат қилиш чоғида қуйидагиларга алоҳида эътибор бериш лозим. Аввало, қабристонга: "Сизга салом, эй қабристон аҳллари", деб салом бериб, хоксорлик билан кирилади. Сўнгра мар­ҳумлар руҳига бағишлаб тиловати Қуръон ҳамда дуои хайр қилинади. Бунинг, албатта, маййитлар учун фойдаси бор. Шунингдек, мозорларни обод қилиш ҳар биримизнинг муҳим ишларимиздандир.

Биз аждодларимиз руҳларини шодлантириш мақсадида уларни қанчалик кўп хотирласак, фарзандларимиз ҳам бундан яхши ибрат оладилар. Зеро, улар ҳам бизларни шундай хотирлаб, дуои хайрларда бўлишади.

Бу ҳақда жаноби Пайғамбаримиз (солаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:

"Агар бир инсон вафот қилса, унинг амали тўхтайди. Фақатгина учта нарсадан унга фойда етиб туради: (қолдириб кетган) садақаи жория ёки фойдали илм, ёхуд ҳақига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзандларидан" (Муслим ривояти).

Давлатимиз уруш қатнашчилари, кекса ёшдаги отахонларимиз, онахонларимиз ва барча нафақахўрларга доим катта эътибор билан ғамхўрлик қилиб келмоқда. Ҳукуматимиз уларнинг моддий фаровонликларини янада яхшилаш мақсадида бир қатор қарорлар қабул қилдики, бу нарса барчани чин дилдан хурсанд этмоқда.

Аллоҳ таборака ва таоло барча марҳум аждодларимизни Ўзининг раҳматига олиб, уларнинг ҳақларига қилаётган дуо­ларимизни ижобат қилиб, қолганларига фаровон ҳаёт, тинч­лик ва офият ато этишини сўраб қоламиз! Омин, ё Роббал оламин.