Истиқлол йилларида маънавиятга катта эътибор қаратилди. Кўплаб маърифий марказлар очилди. Замон талабларига муносиб иншоотлар қурилди. Жумладан, Мустақиллик майдонига яқин жойда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг янги биноси қад ростлади.

Янги бинонинг умумий майдони 38 минг, шундан хоналар 25215, китоб омбори 9132, ўқув зали 3202 кв. метрни ташкил этади. Бир вақтнинг ўзида 700 китобхонга хизмат кўрсатиш мумкин. Янги кутубхона замонавий шарт-шароитларга эга ва талаб даражасида жиҳозланган.

Кутубхона биноси китобхонларга хизмат кўрсатиш зали, китоблар фондини сақлашга мўлжалланган хоналар ва халқаро симпозиумлар учун минг ўринли зални ўз ичига олади. Китоб омбори бинонинг ҳар уч қаватида жойлашган. Жамғармани сақлаш учун бино энг замонавий техникалар билан таъминланган. Бинода ўн учта ўқув ва анжуманлар зали бор. Шунингдек, китобхонлар учун кўргазма зали, китоб музейи, болалар хонаси, китоб дўкони, киномарказ, интернет ва медиамарказ, кафе, дам олиш жойлари ташкил этилган.

Республикамиздаги 11 мингдан ортиқ ахборот-кутубхона муассасаларида 83,6 миллион нусха китоб жамғармаси бор. Ушбу ахборот-кутубхоналар тизимига Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси етакчилик қилади.

1870 йилда ташкил этилган Тошкент Халқ кутухонаси 2002 йил 20 февралдаги «Илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонга биноан Ўзбекистон Миллий кутубхонаси номини олди. У ҳозир минтақамиздаги энг қадимий ва йирик кутубхоналардан биридир. Кутубхонанинг миллий ва чет эл босма маҳсулотларидан ўн миллионга яқин захираси бор. 3,5 миллиондан ортиқ миллий матбуот нашрлари ҳозир кутубхона тасарруфидаги республика Миллий китоб палатасида сақланяпти.

XV–XIX асрларга оид 200 мингдан ортиқ асар нусхаларидан иборат ўта қимматли тўпламлардан 6 мингтаси ноёб ва қадимий асарлар, қўлёзмалар, биринчи миллий журналлар ва газеталардир.

Кутубхонамиз 25 та чет мамлакат билан китоб айрибошлаш бўйича ҳамкорлик қилади. Кутубхонадан ҳар йили ўртача 500 мингдан зиёд китобхон фойдаланади. Уларга икки миллион нусха китоб ва ахборот манбалари  тақдим қилинади.

1999 йилдан бошлаб кутубхонада хусусий электрон ресурслар омбори шакллантирилди. Ўзбекистонда ҳимоя қилинган илмий ишлар, марказий газета ва даврий нашрларнинг электрон нусхалари, аналитик ёзув базалари, жумладан, биринчи ўзбек газета, албом ва журналлари (1870-1929 йиллар) каби тарихий архив материаллари сақланмоқда. Тахминан 35 мингта яқин тўлиқ матнли асарларнинг электрон нусхалари бор. 

Кутубхонанинг янги биносида замонавий технологик ускуналар, замон талаблари даражасида: 1) интеграциялашган автоматлаштирилган ахборот-кутубхона тизими; 2) китоб омборидан нашрларни автоматик тарзда етказиб бериш омбори («телелифт»); 3) ахборот-кутубхона жамғармаси хавфсизлигини таъминлашнинг автоматлаштирилган тизими; 4) ахборот-кутубхона жамғармаси хавфсизлигини таъминлаш ускунаси; 5) замонавий ўт ўчириш, иситиш, ёритиш мосламалари узлуксиз ишлаб турибди. 

Ўқув заллари иккинчи, учинчи, тўртинчи қаватларда жойлашган. Китобхонларга тезкор ва сифатли хизматлар кўрсатилади. Бу ерга келганлар барча зарур ахборотни олиши ва адабиёт буюртма қилиши мумкин. Маълумот-ахборот омбори иккинчи қаватда жойлашган. Ўқув залларига яқин ўринларда адабиётлар бериш хоналари бор. Бу ерда китобхонлар электрон каталогдан ҳам фойдаланишлари мумкин. Барча ўқув залларида электрон каталог, интернет ва электрон базаларга кира оладиган компутерлар ўрнатилган. Илмий ходимлар учун ўқув заллари, нота-мусиқий асарлари, илмий ишлар ўқув зали якка фойдаланувчиларга мўлжалланган ўринлар билан таъминланган. Биринчи қават асосан жисмоний имкониятлари чекланган китобхонлар ва кўргазмалар учун мўлжалланган. Янги олиб келинган адабиётлар, мавзуга доир китоб кўргазмалари, рассомлар ва амалий санъат усталарининг асарлари намойиш этилади.

Янги бино электрон-ресурслар билан ишлаш шароитларига эга. Кутубхонага аъзо бўлишни хоҳловчилар шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари билан келишса етарли. Уларни рўйхатдан ўтказилиб, қўлларига бир йилгача фойдаланишлари учун китобхон гувоҳномаси берилади.

Китобхон буюртмасини тезкор бажариш ва кафедраларга етказиб бериш учун китоб омборидан ўқув хоналарига асарларни автоматик етказиб берувчи «телелифт» тизими ишлайди. Ахборот-кутубхона ресурсларини, шу жумладан, ноёб асарларни сақлаш ва асарлар етказиб бериш тизимидан ташқари, кутубхоначиларнинг кунлик меҳнатини енгиллаштириш учун бир қанча қулайликлар бор.

Ўқув заллари бор ҳар бир қаватда ташриф буюрувчилар учун дам олишига шароитлар яратилган.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси янги биносининг фойдаланишга топширилиши аҳолига ахборот-кутубхона хизматларининг яхшиланиши ва янги сифат даражасига кўтарилиш имконини берди.

Абдусалом УМАРОВ,

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори, социология фанлари доктори