Аллоҳ таоло бандаларига ато этган неъматларнинг энг азиз ва ширини фарзанддир. Фарзанд - инсон умри давомчиси. Имон-эътиқодли, илму маърифатли, маънавияти бой, солиҳ ўғил-қизлар нафақат ота-онасининг, балки халқу миллатнинг энг гўзал фазилатларини ўзида мужассам этган, ота-боболарининг муқаддас дини, урф-одатлари, қадриятларига садоқатли, ўтган авлодлари бошлаган улуғ ишлар давомчиси, орзуларини амалга ошириб, жамият тараққиётига ҳисса қўшадиган навқирон кучдир.

...Қадрдонлардан бири ўз ота-онасини шундай эслади:

- Бундан эллик йиллар олдин маҳалламиз аёллари навбат билан йиғин ўтказиб, бир-бирларига келишилган миқдорда пул йиғиб беришни маслаҳат қилишибди. Бу гапни эшитган отам: "Онаси, сиз иложи борича вақтингизниям, ишлаб топаётган маблағимизниям болаларнинг соғлом ўсишига, тарбиясига, билим олишига сарфланг. Бу - келажакда биз учун энг яхши ва керакли натижалар берадиган жамғарма бўлади", дебдилар. Шу гапга кўра, онам ҳар хил гапу гаштакларга қўшилмаган экан, топганларини биз - олти фарзанднинг соғлом, тарбияли, билимли, ҳунарли бўлиб ўсишига сарфлашибди. Ҳақиқатан ҳам, улар кексайган даврларида, умрларининг охиригача тақдирдан, болаларидан миннатдор бўлиб, фарзандлари ва элнинг эъзозида шукрона билан яшаб ўтишди.

Қатрада қуёш акс этади. Жамият ҳам мисоли улкан оила. Ёш авлод парвариши, жисмонан ва маънан соғлом улғайиши, камол топиши учун моддий ва маънавий ғамхўрликлар кўрсатган, тўғри йўл тутган жамият ўзининг порлоқ, истиқболи учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Тарихан қисқа давр ичида мамлакатимиз ижтимоий- иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларда эришган улкан ютуқларнинг, бебаҳо бойлигимиз - юртимиз тинч-осойишталигининг асосий сабабларидан бири - Юртбошимиз ҳамда ҳукуматимизнинг ҳар томонлама етук авлод шаклланиши, улғайиши учун кўрсатаётган ғамхўрликлари десак, хато эмас. Чунки дилбандининг бугунидан хотиржам, эртанги кунига умид ва ишончи мустаҳкам ота-она шу жамият манфаатларини жону дили билан ҳимоя қилади, ўз ишига ижодкорлик ва масъулият билан ёндашади, фарзандларини ватанпарвар, халқпарвар, элу юртга садоқатли қилиб тарбиялашни ўзининг бурчи деб билади. Шунинг учун ҳам муҳтарам Президентимизнинг "Биздан авлодларга озод ва обод Ватан қолсин!" - деган фикрлари халқимиз ҳаётининг бош тамойилига айланиб бормоқда. Озод ва обод Ватанимиз ўз ота-оналаридан билимдонроқ, ақллироқ, бахтлироқ наслларга бешик бўлсин!

 

Муҳтарама УЛУҒОВА