Халқимизнинг ризқи рўзи, аввало, заҳматкаш деҳқонларимиз томонидан етиштириладиган нозу неъматлар билан ўлчанади. Шунинг учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларини деҳқончилик қилишга алоҳида қизиқтирганлар. Зеро, деҳқончилик ҳаёт таянчи ва устунидир. У зот бу ҳакда марҳамат этиб бундай деганлар: "Бирон-бир мусулмон кишиси бир дарахт ўтқазса ёки бир нарса экса, ундан қуш ёки инсон тановул этиб, манфаатланса, шу сабабдан у киши эҳсон қилган савобига эришади"(Бухорий ва Муслим ривояти).

Ривоят қилинадики, бир киши улуғ саҳобий Абу Дардонинг (розияллоҳу анҳу) олдиларидан ўтиб бораётса, у зот ёнғоқ кўчати экаётган эканлар. У киши Абу Дардога (розияллоҳу анҳу)қараб: "Улуғ ёшга кирган бўлсангиз ҳам кўчат экасизми, ахир бу фалон йилдан сўнг мевага киради-ку", деди. Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)бунга жавобан: "Менга савоби етса бўлди, мевасини бошқалар истеъмол қилаверсин", деган эканлар.

Меҳрибон ва раҳмли Парвардигор Ўзи яратган барча мавжудотлари ичида инсонни азиз ва мукаррам этиб, унинг ҳаёти учун зарур бўлган замин, сув, қуёш, ҳавони унга тобе этиб қўйди. Бу хақда Қуръони каримда шундай баён қилинди:

 "У осмондан сизлар учун ундан ичимлик бўладиган сувни (ёмғирни)ёғдирган зотдир. (Ҳайвонларингизни) боқадиган гиёҳлар ҳам ўша сувдан (суғорилур). У сизлар учун ўша (сув)билан (турли)экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордир" (Наҳл, 10-11).

Маълумки, Республикамиз аҳолисининг кўпчилик қисми қишлоқларда яшайди. Улар ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан Ватанимиз бойлигига бойлик қўшиб, халқимиз ҳаёти учун зарур бўлган қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини етказишда астойидил саъй-ҳаракат қилиб келмокдалар. Уларнинг шарофатли меҳнатлари билан етиштирилган пахта, пилла, дон, чорва маҳсулотларининг сифати ва микдори тобора ортиб бормокда.

Мустақиллик шарофати билан қишлоқларимиз қиёфаси тобора ўзгариб, ер ўзининг ҳақиқий эгаларини топди, фермер хўжаликларини моҳирлик билан бошқараётган тадбиркор ва ишбилармонлар сафи кенгайиб, мустаҳкамланиб бормоқда. Буюк Ватанимизнинг барча ҳудудларида истиқомат қилаётган меҳнатсевар ва миришкор халқимиз чин ихлос билан юрт фаровонлиги йўлида баракали хизмат қилмокда.

Уларнинг Ватан, эл-юрт тараққиёти йўлида садоқат билан хизмат қилиш, фарзандларни етук инсон қилиб тарбиялаш, уларни Ватанга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бебаҳо қадриятларини ҳурмат қилиш, асраб-авайлаш ва ўрганиш руҳида камолга етказишда алоҳида ҳиммат кўрсатишмоқда.

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: "Имон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотлар эса, (билиб қўйсинларки) албатта, Биз яхши амаллар қилган кишининг мукофотини зое қилмасмиз" (Каҳф, 30).

Ҳар бир инсон икки дунё саодатига эришиш йўлида Аллоҳ рози бўладиган амалларни бажариши, номақбул ишлардан узоқда бўлиш ва улардан тийилишга ҳаракат қилиши керак. У қишлоқдами ёки шаҳарда яшашидан қатъи назар, жамоат манфаати, умуминсоният бахт-саодати йўлида холислик билан ўз вазифасини адо этишга даъват этилгандир. Зеро, Аллоҳ таоло амр этиб бундай дейди:

"Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга)эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас" (Қасас, 77).

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат этиб айтадилар:

"Мўминлар ўзаро бир-бирларига дўстлик, эзгулик ва меҳрибонлик кўрсатишларида тананинг бир аъзоси бетобликдан шикоят қилса, қолган аъзолари ҳам бедор ва нотинч бўлган гавдага ўхшайдилар" (Аҳмад ва Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло барча инсонларни бир ота ва бир онадан яратиб, уларни турли миллат ва элатларга мансуб этиб, бир-бирларига яхшилик қилишларини асосий мезон сифатида белгилаб қўйди. Албатта, ҳаётимизнинг барча соҳасида ижобий натижаларга эришиш учун барчамиз ўзаро ҳамжиҳатлик, иноқлик ва дўст-биродарлик ришталарини мустаҳкамлаган ҳолда, бир-биримизга намуна бўлиб, эл-юрт фаровонлиги йўлида бир ёқадан бош чиқариб дадил қадам ташлашимиз зарур.

Ҳаммамиз учун зарур бўлган эзгу мақсадларга етиш, бу олижаноб ва савобли вазифани мукаммал адо этишимизда Ўзи мададкор бўлсин! Зеро, Аллоҳ таоло бундай деган:

 "Айтинг: "Ишлангиз! Албатта, Аллоҳ, Расули ва мўминлар ишларингизни кўражаклар. Шунингдек, албатта, ғойиб ва ошкора (ишлар)ни билувчи (зот)ҳузурига қайтарилурсиз. Бас, (ўшанда)сизларга қилган ишларингиз хабарини берур"(Тавба, 105).

Аллоҳ таоло мамлакатимиз янада обод ва гўзал бўлиши учун фидокорона меҳнат қилаётган барча юртдошларимизни тинч-омон айлаб, икки дунё саодати йўлидаги амаллари ва саъй-ҳаракатларига баракотлар ато этсин, деб дуо қиламиз!

 

Таҳририят