Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

 

Оила Яратганнинг розилигини топиш, пок йўл билан наслни давом эттириш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз никоҳга инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида алоҳида эътибор беради. Зеро, жамият ёмонликларнинг барча турларидан ҳоли, тинч ва обод бўлиши, аввало, оила тинчлигига боғлиқ. Ота-она ўз масъулиятини ҳис қилиши ва бажариши билан оилада хотиржам муҳит пайдо бўлади. 

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадисларида: “Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан воз кечса, у мендан эмас (яъни, умматим қилиши лозим бўлган ишни қилмабди)”, деганлар. Демак, никоҳ асосида турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатлари экан. Никоҳ сабабли инсон ўз насл-насабининг поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан тийилади.

“Никоҳ” сўзи луғатда “яқинлик”, “боғланиш” маъноларини англатади. Никоҳ ақди (битими) эса битимларнинг энг яхшисидир.

Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбаларидан ҳисобланган “Дуррул мухтор”нинг “Никоҳ китоби”да зикр этилганидай: “Одамзотнинг никоҳ ва имондан бошқа жаннатда ҳам давом этадиган ибодати йўқ. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-биридан рози бўлган эр-хотиннинг никоҳ битими умрбод тугамайди”.

Кейинги пайтларда мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлиги, келин-куёвларнинг бахтли, туғилажак зурриётларнинг соғлом бўлишларии учун кўплаб хайрли тадбирлар амалга оширилмоқда. Ана шундай ишлардан бири оила ва фарзандлар иқболини ўйлаб, никоҳ олдидан келин-куёвни тиббий кўрикдан ўтказишдир. Кўрик янги қурилажак оила дуч келиши эҳтимоли бўлган кўнгилсиз воқеалар олдини олишга хизмат қилади. Шу билан бирга, дунёга келадиган зурриётларга, қолаверса, уларнинг яқинларига ҳам жуда катта  фойдаси бор.

Оила жамиятнинг ажралмас бўлаги бўлиб, у қатъий қонун-қоидаларга бўйсунади. Насл бардавом бўлиши, жамиятнинг таназзулга учрамаслиги учун оила мустаҳкам бўлиши зарур.

Жамиятнинг келажаги порлоқ, катта имкониятларга эга бўлиши, аввало, ўзининг ажралмас негизи бўлган оилаларнинг маънан соғломлигини талаб қилади. Бу эса қуйидаги шартларга риоя этилишига боғлиқ. Улар: эр-хотин орасидаги ўзаро ҳурмат ва тотувлик; эркак киши ўзининг оила устуни эканини ҳамда раҳбарлик масъулиятини ҳис этиши ва бунга амал қилиб яшаши; аёл кишининг оила ички ҳолатларига масъуллиги; ота-она фарзандларини қадрлашлари, уларга адолатли бўлишлари; фарзандлар ота-оналарига яхшилик қилишлари.

Шу каби шартларга риоя қилинса, оилада соғлом муҳит вужудга келиб, тарбия топаётган фарзандлар одоб-ахлоқли, эл-юртга хизмат қиладиган инсонлар бўлиб вояга етишади.

Мустаҳкам оила йилида Аллоҳ таоло оилаларимизга тинчлик-омонликни барқарор, файзу баракотини зиёда қилсин.