Шу йилнинг 28 май куни Миллий матбуот марказида “Ўзбекистонда виждон эркинлигининг амалий ифодаси” мавзуи­да анжуман бўлиб ўтди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ташаббуси билан ўтказилган мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент Ислом университети ва мамлакатимизда фаолият юритаётган диний конфессиялар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Анжуманда Ўзбекис­тонда диний соҳада олиб борилаётган ишлар бугун жаҳон ҳамжамиятининг ҳақли эътирофига сазовор бўлаётганлиги алоҳида таъкидланди. Мамлакатимизда қарор топган тинчлик ва барқарорлик замирида бу борада олиб борилаётган ишларнинг салмоқли ҳиссаси бор. Зеро, Ўзбекистонда шу пайтгача диний, миллий ёки ирқий асосда инсонларни камситиш рўй бермаганини мамнуният билан қайд этиш лозим. Дунёнинг турли бурчак­ларида рўй бераётган ўзаро уруш ва низоларнинг туб сабабларидан бири диний ва ирқий камситишлардир.

Ҳар қандай соҳада мустаҳкам ҳуқуқий асос яратмай туриб, кўзланган мақсадга эришиш мумкин эмас. Шу боис эътиқод эркинлиги Конс­титуциямизда алоҳида қайд этилди. Собиқ иттифоқ республикалари орасида биринчи бўлиб, юртимизда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ушбу Қонун БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган (1948 йил, 10 декабр) “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси”нинг тегиш­ли моддалари ва бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятига уйғунлиги билан диққатга моликдир.

Мустаҳкам ҳуқуқий асос ва ўзбек халқининг бағрикенглиги, турли ­эътиқод ва маданиятлараро ҳурмат ўрнатилгани боис бугунги кунда мамлакатимизда 16 та конфессия эркин фаолият юритиб келмоқда.

Бу бир томондан, Ўзбекистон халқининг диний бағрикенглик ғояларига содиқ эканини яққол ифодаласа, иккинчи томондан, мамлакатда қонун устуворлигига эришиш борасида салмоқли қадамлар ташланганини англатади.

Анжуманда мусулмонлар учун “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетаси, православликка ­эътиқод қилувчилар учун “Восток свыше” журнали, “Слово жизни” газетаси, шунингдек, бошқа маърифий нашрлар мунтазам чоп этилаётганига алоҳида урғу берилди. Фуқароларнинг ­эътиқод эркинлигини таъминлаш мақсадида уларнинг ибодатларини адо этишлари учун қулай шароитлар яратилаётганига изоҳ шарт эмас. Мус­тақиллигимизнинг ўтган йигирма икки йили давомида 88 минг нафар юртдошларимиз муборак ҳаж ибодатини адо этган бўлсалар, умрачилар сони 67 минг нафардан ошди. Бошқа диний конфессия вакиллари учун ҳам бу борада муаммо йўқ. Мисол тариқасида яқинда дунё православлари қатори юртимиздаги православ черкови издошлари ҳам “пасха” байрамини кенг нишонлаганини айтиш мумкин. Шу муносабат билан улардан 130 нафардан зиё­ди Қуддуси шариф шаҳридаги қадамжоларни зиёрат этиб қайт­ди. Бу каби зиёратлар ҳар йили ташкил этилмоқда.

Шунингдек, анжуманда динлараро дўстлик ва ҳамкорлик масалалари хусусида ҳам алоҳида сўз юритилиб, бу борада кенг қамровли ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Хусусан, диний ташкилотлар тизимидаги таълим муассасалари жамиятда диний бағрикенглик руҳини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётгани эътироф этилди. Бу борада “Имом Бухорий” халқаро маркази, Тошкент Ислом университети, Ўзбекис­тон мусулмонлари идорасига қарашли диний таълим муассасалари ҳамда православ ва протестант семинарияларида ўтказилган тадбирларни айтиб ўтиш жоиз. Бундан ташқари, ҳар йилнинг 16 июн Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан “Халқаро бағрикенглик куни” деб эълон қилингани муносабати билан ушбу санага бағишлаб Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Тошкент Ислом университетида илмий анжуман ўтказилиши анъанага айланган.

Йиғилишда сўз олган Ўз­­­бе­к­и­с­­­­тон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Тошкент Ислом университети ректори Равшан Абдуллаев, Рус православ Тошкент ва Ўзбекистон епархия­си митрополити Викентий, Рим католик черкови епископи Е. Мацулевич ва бошқалар ёшлар тарбиясида дунёвий билимлар ва диний қад­риятлар уйғунлиги, мамлакатимизда қарор топ­ган динлар­аро бағрикенг­лик, диннинг асл моҳияти бўлган инсонпарварликни асраш, уни турли нотўғри қарашлардан соф ҳолда сақлаш борасида фикр-му­лоҳазаларини билдирдилар.

 

Мухбиримиз