Оммавий ахборот воситалари ходимларининг энг шарафли вазифаси жамиятнинг илғор қадамларини, турли муаммоларини, муҳим вазифаларини биринчилар қаторида англаб, унга омманинг эътиборини қаратиш, одамларни эзгулик, тараққиёт, маънавий баркамоллик сари бошлашдир. Шунинг учун ҳам ижод аҳлининг байрами элнинг қувончли кунига айланган. Бугунги суҳбатдошимиз – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи Эркин Маликов сўзни байрамона кайфият билан бошладилар.

– Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунини байрам сифатида нишонлаш анъанавий тусга киргани барча ижодкорларни хурсанд қилади, албатта. Байрамнинг ўзига хос томони шундаки, шу кунга яқинлашгани сайин ҳар бир ижодкор: “Бир йил ичида қандай ишларни амалга оширдим, нималар қилишга улгурмадим?” деб савол беради. Бундай сарҳисобнинг яна бир сабаби шундаки, байрам кунларида  қалами ўткир, жамиятнинг дилида, тилида турган гапларни халқ муҳокамасига олиб чиққан журналистлар турли ижодий уюшмалар, ташкилотларнинг совринларига, халқнинг олқишига сазовор бўладилар. Бу, албатта, қалам аҳли меҳнатларининг эътироф этилиши,  изланишларига эътибор, уларнинг илҳомига илҳом қўшади.

– Табиийки, ҳақиқий журналист ўзини сарҳисоб қилганда, “Мен юрт тараққиётига, жамиятдаги ижобий ўзгариш­ларнинг амалга ошишига, муаммолар ҳал этилиб, ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ этилишига қандай ҳисса қўшдим?” деган саволга ҳам жавоб излайди. Юртимизда кейинги йилларда рўй бераётган катта ўзгаришлар, ободончилик, тараққиёт қаламкашларни ҳам янада фаол, ҳушёр, ҳозиржавоб, ҳақиқатгўй бўлишга ундаяпти, шундай эмасми?

– Тўғри айтасиз. Муваффақиятлар жуда кўп, улар – ўзимизники. Лекин менинг кузатишимча, бир ҳақиқатни янада кенгроқ ёритишимиз керак. Кейинги йигирма йил ичида Ўзбекистонимиз энг салоҳиятли, ривожланган, тараққиёт йўлига тушиб олган мамлакатлар сафига қўшилди. Тошкент шаҳримиз дунёнинг энг замонавий, кўркам, чиройли кентларидан бирига айланди. Самарқанд, Бухоро, Урганч, Хива ҳам ўзига хос равишда қайта таъмирланди, янги бинолар билан бойиди, ободонлашди. Андижон, Наманган, Қўқон, Фарғона шаҳарларини айтмайсизми? Мана шундай кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ишлари Ўрта Осиё мамлакатларининг бирортасида амалга оширилгани йўқ. Жамиятда бундай туб ўзгаришлар ясаш осон эмас. Мен фақат қурилишлар билан боғлиқ масалада фикримни айтаяпман. Илм, фан, санъат, спорт соҳасидаги юксалишлар-чи? Собиқ тузум даврида жаҳон миқёсида ўтказиладиган спорт мусобақалари иштирокчилари орасида бирорта ўзбекнинг исм-шарифини эшитиш амри маҳол эди. Бугунги кунга келиб спортчиларимиз дунёда бўлиб ўтаётган барча мусобақаларда иштирок этяптилар, юртимиз вакиллари қўлга киритилган совринли ўринлар бўйича нуфузли мамлакатлар қаторидан ўрин оляпти.

Яна бир мулоҳаза шуки, журналистикамизда таҳлил масаласини яна ҳам такомиллаштириш керак. Фикримни бир мавзу мисолида тушунтирмоқчиман: жамиятнинг эътиборга, ёрдамга, ғамхўрликка энг муҳтож қатлами бу – кексалар ва болалар. Мус­тақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб Юртбошимиз, давлатимиз ҳаёт тажрибаларига бой, аммо қўллаб-қувватлашга муҳтож кексалар билан келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодга эътибор ва ғамхўрликни кучайтирди. Яқинда Шаҳрихон шаҳрида саксон ёшдан ўтган отахон билан суҳбатда бўлдим. У киши турмушнинг аччиқ-чучугини, синовларини бошдан кечирган. “Бунақа замон бўлмаган. Кампирим билан иккаламиз нафақа оламиз. Ҳали қўлимизда пулимиз тугамасидан, кейинги ойнинг нафақасини олиб келишади. Ҳеч қачон бунақа замон бўлмаган. Кексаларни ўйлаётган, уларни ҳурмат-иззат қилаётган ҳукуматимизга минг раҳмат”, деб ота дуо қилдилар. Юртимиз осмонининг мусаффолиги, кунларимиз тинч-осуда ўтаётганлигининг сабаби – одамларга ғамхўрлик, бу жиддий масалага Ватанимизнинг ҳамма шаҳару қишлоқларида бирдек эътибор қаратилаётганлиги ва аниқ ишлар амалга оширилаётганлигидир.

– Мустақиллик йилларида диний журналистика шаклланди, ривожланди. Бу соҳага ҳисса қўшганлар қаторида ўзингиз ҳам борсиз...

– Мустақиллик йилларида жуда кўп диний адабиётлар чоп этилиб, халқнинг асрлик орзулари рўёбга чиқди. Қуръони каримнинг маъно таржималари, Ҳадис китоблари, Мотурудий, Фарғоний, Марғиноний каби уламоларнинг асарлари қайта-қайта нашр этилиши катта тарихий воқеа. Халқимиз бу китоб­ларни, айниқса, Қуръони каримни уқиб ўқишни асрлар давомида орзу қилиб келган. Бу воқеалар нафақат дин ва диний журналистика соҳасига алоқадор кишилар учун, балки ҳамма ижодкорлар учун ҳам маънавий янгиланиш, покланиш имконини яратди. Илгари ҳаттоки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларидан фойдаланган ижодкорлар ҳам уни ҳадис деб айтишдан нарига ўтмасдилар. Ҳаттоки ровийсини ҳам қайд этмасдилар. Чунки мус­табид тузум бунга рухсат бермасди. Энди эса журналистлар Қуръон оятларидан, ҳадислардан ўрнида фойдаландилар, уларнинг шарҳи, тафсири исломий билимларга ҳамиша чанқоқ бўлган халқимизда катта қизиқиш уйғотмоқда, уларнинг маънан юксалишига хизмат қилмоқда. Республикамизда диний журналистиканинг шаклланиши, ривожланишида “Ҳидоят” журнали, “Ислом нури” газетасининг хизматлари жуда катта. Шуниси қувонарлики, бошқа бир қатор газета ва журналларда ҳам бу мавзуда материаллар босилмоқда. Яна бир эътиборли ҳолат: диний журналис­тикани ривожлантиришга кейинги йилларда диний билим даргоҳларида фаолият кўрсатаётган устоз­лар ва уларнинг шогирдлари – талабалар ҳам ҳисса қўшишяпти.  Журналист қайси мавзуда ёзмасин, аввало бу соҳани ўзи яхши билиши шарт эканлигидан келиб чиқсак, ушбу ҳолатни қўллаб-қувватлаш, табриклаш керак.

– Ўқувчиларнинг савиясида, журналистик материалларга талабида қандай ўзгаришлар сезасиз?

– Бундан бир неча йил олдин сариқ матбуотни ўқишга қизиқувчилар кўп эди. Чунки уларда олди-қочди, шов-шувга сабаб бўладиган росту ёлғон аралаш ёзилади. Кейинги йилларда ана шундай материаллардан узоқлашиш жараёни бормоқда. Ўқувчилар китобга яқинлашмоқда. Яқинда Республика китоб байрами ўтказилди. Бу тадбирга жуда кўпчилик қатнашди, китоблар харид қилишди. Мен дунё миқёсида ўтказилган китоб кўргазмаларида қатнашганман. Пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида ўтказилган китоб байрами халқаро кўргазмалардан қолишмади, юксак даражада ўтди. Демак, халқимизнинг китобга, ҳақ сўзга ва журналистик маҳоратга йўғрилган мақолалар, публицис­тик асарларга талаби ортмоқда. Биз шуни доим ҳис этиб, ижодимиз элга манзур, замонга ҳамнафас, бадиий юксак бўлиши учун тинмай изланишга масъулмиз.

 

Муҳтарама УЛУҒОВА

суҳбатлашди.