Гиёҳвандлик ер шаримизни ёпишқоқ иплари билан тинмай ўраб-чирмаётган баҳайбат қора ўргимчакка ўхшайди. Бир бора шу ипга илашиб қолган эркак-аёл, бола зоти борки, унинг тўридан чиқиши жуда мушкул. Гиёҳвандлар «дозадан дозагача» талвасада юради. Улар ҳатто ўзининг «бошқача яшаётган»идан керилиб, бошини баланд кўтарса ҳам, ажал ёқасида юрганини қалбан ҳис этади.

Аксарият ҳолларда наркотик моддани қабул қила бошлаганидан кейин одамнинг умри 3–7 йилдан ошмайди. Гиёҳванд моддани тез-тез ва кўп истеъмол қилинганда уйқусиз, емишсиз қолган тана қувватсизланиши натижасида муҳим аъзолар иши тўхтайди. Заҳар салбий таъсирини кўрсатади: бемор уйқу, озиқ-овқатдан кўнгли озади, организм шамдек тугаб бораверади. Қисқа вақт ичида ранги гезариб, озиб кетади. Кўза кунда эмас, кунида синади: меъёридан ортиқ «доза»даги заҳар модда тушгунича мия заҳарланиб бўлади ва энг оддий вазифаси – нафас олишни эсдан чиқариб, бемор бўғилиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам ўсмирлигидан гиёҳвандга айланганлар орасида ўттиз ёшгача яшаганлар жуда озчиликни ташкил қилади.

Ҳеч ким боласига бундай қисматни раво кўрмайди. Қачонлардир қувноқ, ҳаётсевар, меҳрибон бўлган қиз, ўғил кейинчалик жиноятчи, худбинга айланишини ким истайди? Ҳеч ким, аммо айнан ота-оналар, улар оилада яратган носоғлом муҳит боланинг четдан ҳамроҳ излашига сабаб бўлар экан.

Оиладаги носоғлом турмуш тарзи гиёҳвандликка олиб борувчи энг қисқа йўл эканлиги ҳаётда исботланган. Аввало бола уйида бундай ишни кўрмасин. Катталарнинг бир мартагина чекканини кўрган бола наркотик моддага бир қадам яқинлашган бўлади. 5–7 яшар бола тамаки ва уни чеккан одамни жуда яхши фарқлайди. Унутмаслик керак, бир мартагина тақлид учун чекилган баъзи наркотик моддалар кишини буткул асир қилади ва жисмоний тобеликдан ҳам кучли руҳий тобелик юзага келади. Бир бора наркотик таъмини тотган бола кейингисини қаердан топишни режалаштира бошлар экан.

Бу иллат кўчадан орттирилса, болани бу йўлга етаклаганлар билан алоқасини буткул узиш шарт. Оила доирасида бошқа гиёҳванд бола ҳақида сўз очиб, ота-онасига қулоқ солмагани учун аҳволи ёмонлашганини айтиш керак. Ўшандай кишиларнинг фожеали ҳаётидан афсусланиб, катта хатога йўл қўйишганини таъкидлаш зарур. Ҳикоя албатта болада қўрқув уйғотсин. 7–8 яшар болага пул топишни таклиф қилувчи енгилтабиат бегоналар борлиги, уларнинг алдовига учганлар тақдири ҳақида очиқ гапириб, гиёҳванд одам яқинларига фақат муаммо туғдириши, оиласи, ота-онасини иснодга қўйишини уқтириб бориш фойдали.

Ота-она ва атрофдагиларнинг эътиборсизлиги туфайли гиёҳвандга айланган болаларнинг кайфияти тез-тез тубдан ўзгаради: ўта тушкун, жиззаки, гоҳ одамови, гоҳ ўзини кулгидан тўхтатолмайдиган бўлиб қолади. Баъзан овқатга қарагиси келмайди, баъзан бир ўтиришда ҳамма нарсани еяверади. Ўқишида ўзгариш сезилади, фанларни ўзлаштиролмайди, дарслардан кетиб қолади, ўқитувчилар унинг хулқидан шикоят қилади. Қимматбаҳо китоб олиш, кимгадир қарз бериш каби сабабларни айтиб, доим пул сўрайди. Аммо олинган нарсанинг қораси кўринмайди. Оиладаги катталар ҳамённи, қимматбаҳо буюм, ашёларни текшириб туриши керак, чунки гиёҳвандлик ўғирликка бошлайди.

Боланинг ота-онадан яширишга уринадиган янги танишлари ортади. Тўсатдан озиб, яноқлари ёпишган, юзи рангпар, кўз атрофи кўкарган ҳолга келади. Ўта ялқовликдан ҳатто ювинмайди, таранмайди, уст-бошини алиштирмайди.

Хонадонда гиёҳвандликни тарғиб қилувчи адабиётлар, филмлар пайдо бўлади.

Юқоридаги белгиларнинг ҳар бири гиёҳвандлик хавфидан жар солади ва назоратни кечиктиришга фурсат йўқ. Чунки бу иллатни даволаш қанча эрта бошланса, шунча тез ва самарали наф беради.

Мутахассислар, муаммоларини оиласида ҳал қилолмаган болаларнинг аксари гиёҳвандга айланишини эътироф этишган. Шу сабабдан ота-оналик бурчини бажариш кунига 24 соат: ҳафта, ой, йиллар давомида таътилсиз давом этишини унутмайлик. Фарзандга ишонч билдирилса, масъулиятни ҳис этиб улғаяди. Саволларига эътибор билан самимий жавоб олсин, ҳар бир ишда катталарнинг ёрдам қўли беминнат узатилишига амин бўлсин, кўчадан кўра оила аъзолари билан вақт ўтказиш унга завқли, мазмунли туюлсин. Муносабатлардаги ишонч, садоқат, инсонийликдан маънавий қувват олиб ўсаётган фарзанд ташқаридан кайф-сафо, саргузаштлар изламайди.

 

Гулгун УСМОНОВА тайёрлади.