Ҳар биримиз оила қурар эканмиз, оиламиз тинч, ҳаётимиз фаровон бўлишини истаймиз. Оила тинч бўлса кўнгил хотиржам, ишлар барорли бўлади. Акси бўлса, муносабатларимиз чигаллашади.

Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалар: "Эй Аллоҳнинг расули, аёлларнинг қандоғи яхшисидир?" деб сў­рашди. У зот: "Эрининг кўзини қувонтирадиган, амрига итоат этадиган, ўзини тутиши ва молини тасарруф этишида эри ёқтирмайдиган ҳолатга йўл қўй­майдиган аёлдир", дедилар (Имом Термизий ривояти). Бу ҳадисда таърифланган аёл ҳар бир эрнинг орзусидир. Дарҳақиқат, эрнинг кўзини қувонтирадиган аёл покиза, иффатли, эрига итоаткордир.

Бир куни Ҳазрати Умарнинг (розийаллоҳу анҳу) ҳузурларига келган эр-хотин ажрашиш нияти борлигини айтишди. Аёл эри билан уч ой турмуш қурганини, бу вақт давомида у билан чиройли муносабатда бўлмаганини ҳамда ажралиш иккиси учун ҳам яхши эканини айтди. Ҳазрати Умар (розийаллоҳу анҳу) эркакдан ҳам бу ҳақда сўраган эдилар, у: "Мени ундан ҳеч қандай шикоятим йўқ. Ундан ажралишни истамайман", деди.

Ҳазрати Умар (розийаллоҳу анҳу) эркакнинг аҳволини кўриб, хотинга уйга бориб, бироздан сўнг келишини, унгача эри билан суҳбатлашиб олишларини айтдилар. Аёл уйига кетди.

Шундан сўнг, эркакни ҳаммомда ювинтиришни, тоза кийимлар кийдиришни ва атирдан сепиб, чиройли хушсурат бир  кў­ринишга келтиришни буюрдилар. Шундай ҳам қилишди. Аёл бир муддатдан сўнг кириб келди. Эрининг чиройли кўринишидан кўзлари қувнаб: "Мени ажрашадиган эрим йўқ", деди-да, эри билан уйга қайтиб кетди.

Шунда Ҳазрати Умар (розийаллоҳу анҳу) атрофидагиларга қараб: "Сизлар ўз аҳилларингизни яхши ва покиза ҳолда кутиб олишларини ёқтирганингиздек, улар ҳам сизларни покиза ва чиройли суратда кўришни ёқтиради", дедилар.

Никоҳ билан қурилган оиланинг саодати, фаровонлигига эр-хотиннинг мана шундай ўзаро гўзал муносабатлари, чиройли одоб-ахлоқларига ҳам боғлиқ. Бундай зарур ҳолатлар оила тинч-тотувлигига, мустаҳкамлигига сабаб бўлади.

 

Шукуржон ШОНЕЪМАТОВ,

Тошкент шаҳридаги "Дўмбирабод" жоме масжиди имом-хатиби