Осмондаги Шаъбон ойи ингичкалаб, янги “туғилажак” Рамазон ҳилолига ўрин бўшатди. Демак, дилларга ажиб ҳаяжон, илоҳий раҳмат ва савоблар улашадиган шукуҳли онлар келди. Бу йилги Рамазон ойини ўзгача ҳолда кутяпман.

...Эсимни таниганимдан бери Рамазон рўзасини ажиб бир шодлик ила қаршилайман. Менга бу қувонч бобою бувиларим, ота-­онамдан мерос. Тўғри, авваллари уни тушуниб-тушунмай, аксар ҳолларда манфаат юзасидан кутгандирман, ҳозир у кунларни ўйлаб уялиб кетаман. Чунки бизни тинмай тергайдиган катталар феъли ўзгарарди, мулойимлашиб қолишарди. “Дарсдан кейин тўғри уйга қайт!” деб уқтирилишига қарамай, қош қорайгунча кўча-кўйда ўйноқлаб уйга қайтганимизда, доим қаттиқ жазолайдиган ота-онамиз ҳам жимгина қаршиларди бизни. Айб қилганда белгиланадиган жазолар ҳам йўқ. Расули акрамнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Аллоҳ таоло: “Бандаларимнинг одамлар кўзи тушадиган амаллари (намоз, хайр-эҳсон, закот кабилар) ўзлари учундир, рўзалари эса, Мен учундир, бинобарин, унинг мукофотини Ўзим бераман”,  дейди». «Рўза дўзах ўтидан сақловчи воситадир. Агар сизлардан бирортангиз рўзадор бўлсангиз, гуноҳ бўладиган сўзларни сўзламанглар, биров билан жанжаллашманглар, агар биров ҳақорат қилса ёки уришса, мен рўзадорман, деб айтинглар. Аллоҳга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келадиган бўй Аллоҳ наздида мушк­дан ҳам хушбўйроқдир!..» (Имом Бухорий ривояти) деган ҳадиси шарифларига биноан, бизга озор беришдан сақланаётганларини ўйлаб ҳам кўрмабмиз. Аслида эса улар шу йўл билан рўза тутишнинг яна бир муҳим шартини бажараётганини, “Кимки ёлғон сўзларни тарк этмаса ва Аллоҳ қайтарган нарсалардан қайтмаса, рўза тутиб, емай-ичмай қўйгани билан рўзаси қабул бўлмайди. Аллоҳ унга раҳмат назарини ташламайди” (Имом Бухорий ривояти) ҳадиси шарифига амал қилаётганларни тушуниб етмабмиз.

Ўсмирлик чоғлар ҳамон ёдимда! Қўлимиздан иш келиб, қаторга қўшилиб қолганмиз. Елкамизга бир оз масъулиятли ишлар юкланган. Онам қариндош-уруғларга қиладиган ифторликдан ташқари дугоналари билан ўтадиган йиғинларини ҳам атайин Рамазон ойига мўлжаллардилар. Опам иккимиз норозилик билдирардик: “Ифторлик қилиш шартми? Қийналиб кетамиз-ку!” Онамнинг ранжиган нигоҳига қараб ҳам жим бўлай демаймиз. Яна болалик қиламиз: “Ҳеч бўлмаса, шу аёллар йиғинини кейинга қолдирайлик!”

“Мен дугоналаримга йиғин эмас, ифторлик қилмоқчиман!” Онамнинг қатъият балқиб турган кўзларига қараб ишга шўнғиймиз. Онам эса Муҳаммад Мустафонинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ўшанчалик савоб берилади” (Термизий ривояти), деган ҳадисларга амал қилиш асносида бизга навбатдаги сабоқни берган экан. Бугун ёрдамчим йўқлигига қарамай, Рамазонда, бир бор бўлсин, ифторлик қилишга интиламан. Бир оз эрина бошлаганимда онгимда онамнинг гаплари: “Меҳмон чақириб ҳам шунчалик кўп савоб қозониш имконияти бошқа берилмайди. Бу ойдаги имкондан фойдаланиб қолиш лозим”. 

Кейин эса талабалик йилларим ота-онамдан узоқда Рамазон рўзасини тутишга тўғри келди. Уйқу ширинлик қилиб гоҳида бутун ётоқхонани “бошига кўтариб” жиринглаётган соатни ўчириб ухлайман. Биздан катта курсда таҳсил олаётган талаба қизларга эркалик қиламан. Соатга қараб шошиб қолганимизда, бизни тинч­лантирардилар. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ифторликни шошилтиринг, саҳарликни кечиктиринг” (Имом Табароний ва Ибн Адий ривояти),  деганлар. Оғизни энг сўнгги дамларда ёпиш ҳам суннат!

Оилали бўлдим, фарзанд кўрдим. Бир неча Рамазони шарифни рўзадор бўлмай ўтказдим. Аслида эса динимизнинг енгилликларидан фойдаландим: “Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз. Саноқли кунларда. Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бош­қа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир...” (Бақара, 183–184). Уй-рўзғор ишлари, фарзанд тарбиясига андармон бўлдим.

Мана... кўнглим яна соғинчдан энтикканида «Рамазон келди», деган хушхабар солди кўнглимга бу қувончни. Хотираларим қатини бир-бир титкилаб топган ўгитларим, севинчларим бутун вужудимда қувонч ҳиссини уйғотяпти. Беихтиёр дуога қўл очдим: «Аллоҳим, ўзинг дилимдаги бу қувончни, бу соғинчни бардавом қил! Бу ойнинг ҳар онидан фойдаланиб қолишга қодир айла! Сенинг расулинг, хотами анбиё Муҳаммад (алайҳиссалом): “Рўза тутган кишининг уйқуси ҳам ибодатдир”,  деганлар (Байҳақий ривоят). Бизни бу ойда мукаммал рўза тутишга қодир айлагинки, ҳар қилган ишимиз ибодат сифатида савоб келтирсин! Раҳмат, мағфират ва нажот ойи Рамазонга етганимизга шукр!»

 

Нигора МИРЗАЕВА