“Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройли”, деб меҳнат орқасидан нон топиб ейишга эрта тонгдан бел боғлаган халқ фарзандларимиз.  Албатта, меҳнаткаш инсонларнинг куни файзли, рўзғори қут-баракали, егани тотли бўлади.

Миқдом ибн Маъдий Якраб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Киши қўл меҳнати орқали топган таомдан яхшироқ таом емаган. Албатта, Аллоҳнинг пайғамбари Довуд (алайҳиссалом) қўл меҳнати билан таомланар эди”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий). Меҳнат билан кун кўриб, турмушини фаровон қилган одам болаларининг меҳнатсевар, касб-ҳунарли бўлишини истайди. Келажаги ҳақида қайғуради.

Меҳнатга муҳаббати, иштиёқи кучли бўлиб, доимо иш билан банд ёшлар гиёҳвандлик, турли хил оқим ва секталар таъсирига тушиб қолмайди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 февралда «Мактабдан ташқари таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 50-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарор шахснинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши, ўсиб келаётган ёш авлоднинг ижодий қобилиятларини аниқлаш ва ривожлантириш, ўқувчилар қалбига меҳнатсеварлик туйғуларини сингдириш, шунингдек, уларни бўш вақтдан оқилона фойдаланишга йўналтиришга хизмат қилади. Қарорга асосан 211 та “Баркамол авлод” болалар марказлари ташкил этилди. Ўғил-қизлар бу марказларда ўзлари ёқтирган, қизиққан ҳунарларни ўрганмоқда. Айниқса, улар ёзги таътилларини мазмунли, фойдали машғулотлар билан банд бўлиб ўтказишларида бу масканларнинг аҳамияти беқиёс бўлмоқда.

“Обод турмуш йили” деб эълон қилинган 2013 йилга белгиланган Давлат дастурининг ҳам асосий тамойилларидан бири: жисмоний ва маънавий соғлом авлодни тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини ҳар томонлама ошириш, таълим савиясини янада такомиллаштириш ва сифатини юксалтириш, таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашдир.

Давлатимиз томонидан касб-ҳунар коллежларининг моддий-техник баъзасини янада  ривожлантирилишининг асосий сабабларидан бири ёшларимизга таълим-тарбия бериш билан бир қаторда ўзлари ёқтирган касб-ҳунарга ўргатиш, жамиятда ўз ўрнини топиши ва Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшишига кўмаклашишдир.

Бу йўналиш “Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш дастури” лойиҳаси доирасида ёшларни, шу жумладан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини кичик бизнесга жалб қилиш мақсадини ҳам кўзлайди.

“Хунарли ўзар, ҳунарсиз тўзар”. Болажонларимиз қимматбаҳо вақтларини беҳуда ўтказмаслик­лари учун барчамиз бирдек масъулмиз.

Фарзандларимиз ҳунарли бўлишида юртимизда фаолият кўрсатаётган болалар ижодиёт уйлари ота-оналарга катта ёрдамчидир. Ушбу масканларда ҳам ўғил-қизлар ўзлари қизиққан, истаган тўгараклар машғулотларида дастлабки меҳнат кўникмаларини олмоқдалар.

Инсон ўзидан кейин жамиятга фойдаси тегадиган, ота-­онасининг ҳақига дуо қиладиган фарзанд қолдиришни истайди. Элга ёрдами теккан киши барчага севимли, ота-онасига икки дунёда ҳам раҳмат келтиради. Зеро, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Инсонларнинг яхшиси инсонларга манфаатлироғидир”, деганлар.

 

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,

ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири