Мамлакатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарори қалбларимизга, ҳаётимизга улуғ байрам нафасини олиб кирди.

 Ҳадемай юртимизда энг улуғ, энг азиз байрам – мамлакатимиз Истиқлолининг йигирма икки йиллик тўйи кенг нишонланади. Ушбу қутлуғ санага тайёргарлик ишлари аллақачон бошлаб юборилган. Тантаналар мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида “Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!” шиори остида ўтказилишида чуқур маъно бор. Қарорда алоҳида таъкидланганидек, мустақиллик – бу аввало ҳуқуқ демакдир. Мустақиллик орқалигина шахс ўз қадр-қиммати, ор-номуси, ғурурини англаши мумкин. Истиқлол туфайли биз ана шундай саодатга эришдик. Ўтган даврда не-не қийинчилик, синовларга дуч келдик, бироқ мустаҳкам ирода, қатъият ва матонат, Истиқлол ғояларига садоқат туфайли жаҳон майдонида халқимиз, мамлакатимиз муносиб ҳурмат ва эътибор қозонди, бунга бутун дунё гувоҳ. Негаки, Истиқлолга осонликча эришилгани йўқ. Юрт мустақиллиги сабаб бой тарихимиз, бебаҳо меросимиз, дину диёнатимиз, кўҳна урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди, Истиқлол даври Ватанимиз учун чинакам маънавий тикланиш ва юксалиш даври бўлди. Шу ўринда юртимизда яшаётган барча фуқароларнинг миллати, тили, динидан қатъи назар, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг асосий омили Истиқлол эканини алоҳида таъкидлаш ўринли. Мамлакатимизда шу чоққача диний ёки ирқий камситишга оид бирорта ҳолат рўй бермагани мамнуниятимизга яна бир сабаб бўлмайдими?! Бу, бир томондан, мустақиллик ҳуқуқ эканининг амалдаги ифодаси бўлса, иккинчи томондан, ўша ҳуқуқ юклаган улкан масъулиятни теран англашнинг чиройли оқибатидир.

Осмони мусаффо, фуқароси фаровон, тўрт фасли файзли юртимизга байрамлар муносибдир.

Яратган Истиқлолимизни боқий айласин.