Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари

идораси раиси, муфтий

 

Раҳмат ва мағфират ойи – Рамазони шариф мустақил юртимизда ҳар қачонгидан ҳам файзли, баракотли ўтмоқда. Бу ойда барчамиз эмин-эркин рўзаларни тутиш, жоме масжидларимизда таровеҳ намозларини ўқиш, элимиз фаровонлиги, мустақил юртимиз тараққиётини тилаб дуои хайрлар қилиш бахтига мушарраф бўлмоқдамиз.

Юртимизда Рамазон ойининг ғанимат тунлари таровеҳ намозларида Қуръонни хатм қилиш яхши анъанага айланган. Қуръони каримни ёд олган ёш қориларнинг йилдан-йилга кўпайиб, хатм ўзказиладиган масжидлар ҳам ортиб бормоқда. Бу йилги Рамазон ойида диёримизнинг саккиз юзга яқин масжидларида намозхонлар Аллоҳнинг каломига сомеъ бўлишяпти. Бундай фурсатларда қилинган эзгу дуо ва илтижолар ижобат бўлгай, иншааллоҳ!

Рамазон меҳр, шафқат, саховат ойи, юраклар юмшаб, ғуборлари кетади. Бу ой бизга инсон фақат ўз фойдасини эмас, бошқаларни ҳам ўйлаб яшаши кераклигидан сабоқ беради.

Айниқса, “Обод турмуш йили” шиори билан қилинаётган эзгу ишлар Рамазон ойида янада жонланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг жойлардаги жоме масжидлари ходимлари эзгу амалларимизни кўпайтиришга астойдил бел боғладилар. “Ким бир кишига енгиллик яратиб берса, Аллоҳ унга қиёматда енгиллик беради” деган ҳадиси шарифга амал қилиб, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилаларга, ёши улуғ кексалар ва фахрийларимизга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-мурувват, саховат кўрсатдилар. Кам таъминланган оилаларга, меҳрибонлик уйларига бориб, ёлғиз, кекса, ногиронлар ҳолидан хабар олинди. Уларга беғараз ёрдамлар кўрсатилиб, кўнгиллари обод этилди.

 Бундан буён ҳам, эзгу амалларда, меҳр-оқибат, қаноат ва шукроналик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик хислатларини янада кучайтиришда давом этайлик, ёмонликлардан йироқ бўлиб, мунаввар кунлар шукронасини қилиб яшаш ҳаёт тарзимизга айлансин.

Бу йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташкил этилганига 70 йил тўлади.

Ватанимиз истиқлоли 22 йилиги халқимиз ҳаётида жуда муҳим ўрин тутади. Зеро, асрий орзуларимиз ушалган ушбу шодиёна кунларга осонликча етиб келганимиз йўқ.

Неча йиллар мобайнида халқимиз миллий-диний анъаналари, эътиқодидан бебаҳра бўлди, ҳақ-ҳуқуқлари топталди. Истиқлол йилларида диний ва миллий қадриятларимизни тиклаш, ибодатларимизни эмин-эркин адо этишимиз учун қулайликлар, зарур шароитлар яратиб берилганини, жаҳон илму фани, маданияти ва Ислом таълимоти ривожига улкан ҳисса қўшган ўнлаб алломаларимизнинг илмий мерослари тадқиқ этилиб, қадамжолари обод этилганини алоҳида таъкидлаш керак.

Тарихдан сабоқ олиб тўғри хулосалар чиқаришимиз, унинг асл моҳиятини ёшларга тушунтиришимиз жуда муҳим. Демак, шодиёналаримиз энг улуғ ва энг азиз байрамимиз, Мустақиллигимизнинг 22 йиллигига туташади. Ушбу саодатли кунларда оилаларимизнинг маънавий камолоти, фаровонлиги, фарзандлар бахт-саодати, уларнинг ҳартомонлама етук, одоб-ахлоқли, Ватани, халқи, дину диёнатига содиқ инсонлар бўлиб камол топишини сўраб, дуолар қилайлик.

Рамазон ҳайити шодлик ва хуррамлик айёми, бу кунларга етказгани учун Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб, ўзаро меҳр-оқибатли, яхши муомалали бўлайлик, гина-кудуратни унутиб, ҳайит шарофати туфайли бир-биримизга қучоқ очайлик. Муборак кунларни халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат билан ўтказайлик.

Улуғ айём билан барча юртдошларимизни чин дилдан, самимий муборакбод этамиз. Мустақил Ватанимиз истиқболи порлоқ, тинчлиги ва осойишталиги бардавом, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин, азизлар!