Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси  раиси, муфтий

 

Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано, Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) дуруду салавот, саломларимиз бўлсин.

Мана, юртимиз истиқлолининг йигирма икки йиллигини нишонладик. Бу қисқа вақт ичида тарих зарварақларига олтин ҳарфлар билан битса арзийдиган ютуқларга эришилди. Очиғи, советлар даврида дунё харитасида Ўзбекистон деган юрт борлигини кўпчилик билмас эди. Бугун дунёнинг барча мамлакатларида байроғимиз ҳилпираб турибди.

Аллоҳга шукр бўлсин, истиқлол туфайли халқимизга катта имкониятлар, улкан ютуқлар эшиги очилди. Биргина мисол, тез орада дунёда мошина ишлаб чиқарувчи йигирма сиккизта давлатнинг бирига айландик. Ҳозир кўчаларимиз ўзимизда ишлаб чиқарилган автоуловлар билан тўла. Йигирма икки довондан, қанчадан-қанча синов ва машаққатлардан ёруғ юз билан ўтдик. Тан олиш керак, буларнинг бари ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бу эзгу ишлар ортида танти, меҳнаткаш халқимизнинг заҳматлари, юртимиздаги тинчлик ва осойишталик неъмати раҳбариятимизнинг оқилона сиёсати турибди.

Қувонч устига яна бир қувонч, бу йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси 70 ёшга тўлади. Етмиш йилнинг айни истиқлол даврига тўғри келган 22 йили идора ҳаётида муҳим ўрин тутади. Келинг, қиёслаб кўрайлик.

Советлар даврида фақатгина Тошкент Ислом институти ва Бухорода “Мир Араб” мадрасасигагина чекланган шароитларда фаолият юритишига рухсат этилган эди. Кўп миллионли мусулмонларга бор-йўғи бир неча ўн масжид хизмат қиларди, холос. Ҳаж ва умрага бориш деярли иложсиз, бу сафарларга ижозат ниҳоят даражада чекланган эди.

Ҳозир юртимизда икки мингдан ортиқ масжид ишлаб турибди. Тўққизта мадраса ва Тошкент Ислом институти, Тошкент Ислом университети эшиклари ёшлар учун очиқ. Мазкур илм масканларида ҳам диний, ҳам дунёвий билимларни мукаммал эгаллаган етук кадрлар тайёрланмоқда.

Мустақиллик йилларида бир неча минглаб юртдошларимиз энг қулай шароитларда ҳаж ва умра ибодатини адо этишга муяссар бўлди. Даҳрийлик ҳукмрон бўлган йиллари қаровсиз ташлаб, омборхоналарга айлантирилган масжидлар, мақбаралар, зиёратгоҳлар қайта тикланиб, яна мусулмонлар ихтиёрига топширилди. Аждодларимиздан қолган маънавий меросимиз тикланди. Мўмин-мусулмонларнинг диний маросимларини, ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун яхши шароитлар яратиб берилди.

Шу ўринда, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ташкил бўлиши ва ривожланишида жонбозлик кўрсатган устозларни хотирлаб ўтсак, айни муддао бўлади.

Абдулмажидхон ибн Эшон Бобохон Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси биринчи раиси, муфтий эдилар. Диний идорани ташкил этишда у зотнинг хизматлари беқиёс. Муфтий Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратларининг ҳаракатлари билан Тошкент шаҳрида Ислом олий маъҳади (Имом Бухорий номидаги Ислом институти) очилади, Қуръони карим чоп этилади. Диний идора фаолиятига раҳбарлик қилган собиқ муфтийлар, таниқли уламолардан Исмоил Махдум Сотти Охунд ўғли, шайх Юсуфхон Шокир, шайх Абдулғани Абдуллоҳ, Салоҳиддин Муҳиддинов каби мунаввар зотлар ҳам динимиз ривожига муносиб ҳисса қўшдилар.

Истиқлол йиллари Ўзбекистон мусулмонлари идораси қулай шароитларга эга замонавий бинога кўчиб ўтди. Муҳтарам Юртбошимиз раҳбарлигида Имом Бухорий,  Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Имом Мотуридий, Аҳмад Фарғоний, Бурҳониддин Марғиноний, Ҳаким Термизий каби улуғ аждодлар тарихини тадқиқ қилиш, улар хоки ётган жойларни обод этишга алоҳида ­эътибор қаратилди.

Буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш, айниқса, уни мамлакатимизда ва хорижий юртларда кенг кўламда тарғиб қилиш борасида амалга оширилган муҳим ишлардан яна бири, шубҳасиз, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Имом Бухорий халқаро марказининг ташкил этилиши бўлди. Марказда Имом-хатибларимизнинг малака ошириши яхши самаралар беряпти. Шуни алоҳида таъкидлаш лозим, марказ тингловчиларига маърузалар ўқиш учун барча соҳанинг кўзга кўринган намояндалари жалб этилмоқда.

Юқорида таъкидлаганимиздек, эришган ютуқларимиз баробарида катта синовлар ҳам бўлди. Тинч ҳаётимизни кўролмайдиган, четдан туриб бузғунчилик қиладиган ғаламислар, динни ниқоб қилиб олган террорчи оқимлар тотув яшаётган эллар орасига рахна солишга бир неча бор интилди. Буларнинг фитна эканини билган халқимиз барини сабр-бардош билан енгиб ўтди.

Чин мўминнинг хислати бўлмиш камтарлик, бағ­рикенглик, андиша, ўзаро иззат-ҳурмат, меҳр-оқибат, силаи раҳм каби фазилатлар халқимиз қон-қонига сингиб кетган. Бу бизнинг энг катта бойлигимиздир.