Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

 

Аллоҳ таоло илм аҳллари ҳақида бундай марҳамат қилади: «Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!..”» (Зумар, 9); “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур...” (Мужодала, 11).

Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) илм аҳлларининг фазилати ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган.

Муовия ибн Суфён (розияллоҳу анҳу) айтади: «Мен Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишида фақиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди”, деганларини эшитдим» (Имом Бухорий, Имом Муслим).

Абу Умомадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида бири обид ва бири олим бўлган икки киши зикр этилди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ораларингизда оддий кишидан мен қанча устун бўлсам, олим обиддан шунча устундир”, деб марҳамат қилдилар (Имом Термизий ). Сўнг у зот (алайҳиссалом) яна: “Дарҳақиқат, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмон ва ер аҳллари, ҳатто инидаги чумоли ва (денгиздаги) балиқ ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи пайғамбарлар меросхўри бўлган олимларни дуо қилишади”, дедилар» (Имом Термизий).

Дарҳақиқат, уламолар Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) меросхўрларидир. “Пайғамбарлар (алайҳимуссалом) динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдиришмаган, улардан фақат илм қолган. Ким бу илмни олган бўлса, у улкан улушни қўлга киритибди!” (Имом Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа).

Сафвон ибн Ассолдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб айтдилар: “Ҳақиқатан ҳам, фаришталар илм толибларига, уларнинг талаб этаётган илмларидан рози бўлган ҳолда ўз қанотларини қўйишади (ёзишади)” ( Имом Аҳмад, Имом Термизий, Ибн Можа).

Халқимиз илм ўрганувчи ва илм ўргатувчиларни ҳамиша эъзозлаган. Устоз-шогирдлик анъаналари қадимдан ривожланган. Бунда асрлар давомида шаклланган тартиб-қоидаларга амал қилиб келинади. Инсон маънавий камолот чўққисига устозсиз ета олмайди. Алишер Навоий ҳазратлари:

“Aгар шогирд шайхулислом, агар қозидур,

Агар устоз рози – Тангри розидур”, дейди.

Фарзандини шогирдликка бераётган инсон: “Эти сизники, суяги бизники”, дея устозга топширган.

Ота устозга ўғлининг келажак тақдирини ишониб топширади, унинг тарбиясига ота каби устоз ҳам масъул бўлади. Устоз ҳам шогирдига илму ҳунар ўргатишга астойдил бел боғлаб, бор билимини беришга интилган, болага одоб-ахлоқни ўргатган. Мана шу тартибда халқимиз азалдан илм-ҳунар ўрганган ва ўргатган. Юртимиздан донғи дунёни тутган улуғ олимлар ва мутафаккирлар кўп чиққани ҳам шундан. Аждодларимиздан нафақат зиёлилар, балки оддий ҳунарманд косиб ёки деҳқонлар хонадонида ҳам узун қиш кечалари оилавий китобхонликлар бўлган, саводхон кишилар оила аъзоларига турли диний ва илмий китобларни ўқиб беришган. Ота-боболаримиз ҳамиша китобга интилишган, китобни ардоқлашган, ўқиганларини бошқаларга ёйишган.

Яқин ўтмишда яшаб ўтган аждодларимиз ҳаётида биз учун устозлик борасида етарлича ибрат бор. Биз муҳтарам устозларимиз олдида ҳамиша ўзимизни қарздор деб биламиз.

Мустақиллик даврида кўплаб миллий қадриятларимиз халқимизга, ҳаётимизга қайтди. Шулар қаторида бугун биз сўз юритган бобомерос қадрият – устоз-шогирдлик анъаналарини янги шароитда, янги мазмунда ҳаётга татбиқ этиш имкониятлари очилди. Устозлар илмидан унумли фойдаланган ёшларимиз бугун илм-фан ва бошқа соҳаларда юртимиз байроғини юксак кўтаришмоқда.

Умид қиламиз, келажакда фарзандларимиз орасидан Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний каби етук олимлар етишиб чиқади, иншааллоҳ!