Юртимиз мустақиллигининг йигирма икки йиллик тўйини ҳам шод-хуррамлик билан ўтказдик. Шундай кезларда Ватан ҳақидаги фикр-мулоҳазаларингни одамлар билан баҳам кўргинг келади.

Ҳар бир инсон қалбида Ватан севгиси бор. Бу муҳаббатини ҳар ким ўзича ифода этади. Рассом туғилган юрти манзараларини гўзал рангларда тасвирласа, шоир унинг мадҳини сатрларига тизади. Деҳқон киндик қони тўкилган тупроғини худди фарзанди каби эъзозлайди, парвариш қилади, унда дон, ризқу рўз ундиради.

Табиатда ана шу муҳаббат андозасида ҳаёт кечади. Эътибор берсак, ҳар бир жонзотнинг ҳам ватани бор. Бирор қуш ё ҳайвон ё ўсимлик ҳақида гап кетса, унинг асл ватани, аниқ жуғрофий жой номи келтирилади.

Одатда, “Ватан” сўзи олдига “она” сифатни қўшиб гапирамиз. Бу ҳолатда сўзнинг маъноси янада теранлашгандек, юксалгандек кўнглимизга таъсир қилади. Чунки ҳаммамизни ҳам она дунёга келтирган, оқ ювиб, оқ тараган, бир парча эт ҳолимиздан асраб-авайлаб улғайтирган. Онага меҳримиз чексиз бўлгани каби, Ватан севгиси ҳам кўнглимизнинг туб-тубидан жой олган. Зеро, ота-боболаримиз хоки шу тупроққа қўшилган. Болаларимиз шу эл орасида униб-ўсмоқда, нону тузимизнинг тоти шу Ватан тупроғидир. Шу боис инсон дунёнинг қайси жойида бўлмасин, уни Ватан меҳри мудом тортиб туради. Шунинг учун ҳам инсон ҳеч жойда ўз уйига қайтганичалик шодон ва кўнгли хотиржам бўлмайди.

Беихтиёр кўнгилдан сатрлар тўкилади:

Онани эъзозлаб яшайди башар,

Меҳрига интиқдир ҳар бир тирик жон.

Шул сабаб янада муқаддаслашар

“Она” сўзи қўшиб айтилса, Ватан.

Икром МАРДОНОВ