Усмонхон Алимов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

 

Истиқлол туфайли динимиз ва миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Ислом маданиятига мансуб бўлган минг йиллик тарихга эга, ўтмиш қаъридан оламга нур таратиб келган муборак обидалар – масжид ва мадраса­лар мўмин-мусулмонларга қайтариб берилди. Инсоний қадриятларимизнинг асосини ташкил этган Ислом дини таълимотларидан элимиз яна баҳраманд бўла бошлади.

Ватанимиз мустақиллиги йилдан-йилга мус­таҳкамланиб, Ўзбекистонимиз халқаро миқёсда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, халқимизнинг турмуш даражаси, эл-юрт фаровонлиги янада равнақ топмоқда. Айниқса, ҳукуматимиз раҳбарияти мусулмонларнинг диний маросимлар ва ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун лозим бўлган барча қулайликларни яратиб бермоқда.

Истиқлол шарофати билан юртдошларимиз муборак Байтни зиёрат этиш бахтига муяссар бўлишди. Ҳар йили минг­лаб фуқароларимиз энг қулай шароитларда ҳаж ва умра сафарига бориб, Ислом динининг бешинчи арконини адо этиб қайт­моқдалар.

Бугун диний таълим масканлари сони ўндан ошиб кетди. Айниқса, Юртбошимиз ташаб­буслари билан 1999 йилда ташкил этилган Тошкент Ислом университетини алоҳида қайд этиш лозим. Ушбу билим даргоҳларида ҳам диний, ҳам дунёвий билимларни мукаммал эгаллаган етук кадрлар тайёрланмоқда.

Шундай қувончбахш воқеалардан яна бири Ислом дини ривожига муносиб улуш қўшган буюк алломалар хотирасини абадийлаштириш борасидаги хайрли ишлардир. Ўтган қисқа давр мобайнида буюк аждодларимизнинг таваллуд саналари тантанали тарзда нишонланди. Уларнинг хоки поклари мангу қўним топган гўшалар обод этилиб, зиёратгоҳлар барпо этилди.

Айниқса, Президентимиз ташаббуслари билан таъмирланган Бухородаги Масжиди Калон, Самарақанддаги Шоҳи Зинда, Қаршидаги Кўк Гумбаз ва қайта қурилган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи, Ҳазрати Имом мажмуи, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Бурҳониддин Марғиноний каби буюк алломаларимизнинг мақбараларини зиёрат қилган ҳар бир кишининг кўнгли яйрайди.

Дунёнинг турли мамлакатларидан келаётган сайёҳларнинг диққат марказида турган пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом мажмуи шу кунларда алоҳида аҳамият касб этди десак, муболаға бўлмайди. Халқимиз маънавий меросининг муҳим қисми бўлган бу муборак қадамжонинг тарихимиз, маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан кенг кўламли таъмирлаш, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Бароқхон мадрасаси, Тилла Шайх масжиди асл тароватини сақлаган ҳолда обод этилди. Шунинг­дек, мажмуа марказида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг янги биноси барпо этилди, қўш гумбазли, икки минорали муаззам янги масжид қад ростлади. Ушбу бетакрор иншоот нафақат пойтахтимиз, балки бутун юртимиздаги энг йирик масжид бўлди.

Биз учун мустақиллик, йилда бир марта, фақат Мустақиллик байрамида эмас, ҳар куни, ҳар соат фикр юритиладиган, ҳар дам шукр қилинадиган, қадри, шарафи, бардавомлиги кўз қорачиғидай авайлаб асраладиган бебаҳо неъматдир. Унинг миқёси, кўлами, аҳамиятини англаш учун мустақилликда ўтаётган йигирма икки йилимизни советлар ҳукмронлиги остида кечирилган етмиш беш йиллик давр билан солиштириш, қиёслаш, ибратланиш, хулоса чиқариш кифоя қилади. Бунинг учун Яратганга тинмай шукрона айтишимиз, бугунги дориломон кунларимизнинг, берилган эркинликларнинг қадрига етишимиз лозим. Чунки Аллоҳ берган неъматларга шукр қилинса, Парвардигор уларни янада кўпайтириб беради. Ношукрлик эса заволга олиб келади. Аллоҳ таоло инсонларга берган ҳамма нарса неъмат саналади. Бироқ оқил инсон илм ва чиройли хулқни, жоҳил эса лаззат ва шаҳватларни неъмат билади. Айниқса, бу нарса Ислом дини равнақи, мусулмонларга яратилган эркинликлар ва шароитларда яққол кўзга ташланади. Мусулмонларимиз даҳрий совет тузумида нимага эришган эдилару мустақиллик даврида нималарга эга бўлишди? Ким эдигу, ким бўлдик? Бу ҳақда озгина мулоҳаза юритса, ўйлаб муқояса, мулоҳаза қилиб кўрса, ҳамма нарса ойдинлашади, ҳақиқат бор қадди билан намоён бўлади.

Халқимизнинг асрий орзулари ушалган ушбу шодиёна кунларга осонликча етиб келганимиз йўқ. Бу йўлда ўтмишда қанчалаб қурбонлар берилган. Мана энди диний эътиқод ва ибодат эркинлиги, миллий қадриятларимиз, улуғ аждодларимизни муносиб қадрлаш бобида орзулар рўёбига эришиб турибмиз. Буларнинг ҳаммаси Истиқлолимиз шарофати, муҳтарам Президентимизнинг Ислом дини равнақи борасидаги оқилона сиёсати туфайлидир.

Шундай экан, мустақилликнинг қадрига етиб, динимиз ривожига ҳукуматимиз томонидан яратилаётган ғамхўрликларни Аллоҳнинг улуғ марҳамати деб қабул қилишимиз, бунинг шук­ронасини адо этишимиз лозим.