«Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадина шаҳрига ҳижрат қилган вақтларида Мадина аҳли йилда икки марта байрам қилар эди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бу қандай байрам эканки, сизлар хурсандчилик қилаяпсизлар?» деб сўрадилар. Улар: «Биз Исломдан аввал ҳам шу кунларни ўйин-кулги билан ўтказар эдик», деб жавоб беришди. Шунда Расуллулоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ бу икки кунингизнинг ўрнига ундан ҳам яхшироқ кунларни, яъни Рамазон ва Қурбон ҳайи­ти кунларини сизларга инъом этгай», дедилар». Ўн тўрт асрдан буён мусулмонлар бу икки ҳайитни кенг нишонлаб келадилар.

Рамазон ҳайити – оламдаги барча мусулмонларнинг орзу ниятлари, имон-эъти­қодлари бир-бирларига монанд бўладиган муборак кундир. Аллоҳга беадад шукр­ки, бир ой мобайнида рўза тутиб, ихлос билан ибодат қилиб, кўнгилларимиз тақво либосини кияди.

Халқимиз бу байрамни ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, ҳиммат ва саховат каби анъаналаримизга содиқ тарзда ўтказиб келади. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилишича, шу икки ҳайи­т кун­ларида тоза ва чиройли либослар кийиб, соч-соқолни олиб, хушбўй нарсаларни сепиб, яшаб турган жойларини озода тутиб байрам қилиш керак, деб буюрганлар. Ҳайит кунлари мўмин-мусулмонлар бир-бирларини табрик­лашлари, ота-оналари ва устозларини зиёрат қилиб, уларни табриклаб, дуоларини олмоқлари, узоқ-яқин қариндошлари ва етим-есир­ларнинг ҳолидан хабар олишлари энг яхши фазилатлардан.

«Рамазон ҳайити куни тонгда ҳамма кўчаларнинг бошида фаришталар туриб: «Эй мусулмонлар жамоаси! Сахий Парвардигор ҳузурига шошилинг­лар, яхшиликларни ато этади, кейин унга катта савоблар беради. Ҳақиқатан, сизлар кечалари ибодат қилишга буюрилган эдингиз, рўза тутдингиз. Парвардигорингизга итоат қилдингиз, эвазига мукофотини олингиз», деб нидо қиладилар. Ҳайит намозини ўқиб бўлганларидан сўнг эса бир фаришта нидо қилиб: «Албатта, Парвардигори­нгиз бар­ча гуноҳ­ларингизни мағфират қилди, ўз уйларингизга хурсанд бўлган ҳолда қайтинглар, чунки бу мукофот кунидир», – дей­ди». (Табароний ривояти)

Гуноҳлар мағфират этиладиган, тутилган бир ойлик рўзанинг мукофоти мукаммал қилиб бериладиган Рамазон ҳайити шукуҳи дилларимизни сира тарк этмасин!

 

Муҳаммадбобур ЙЎЛДОШЕВ,

Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи