(Тошкент шаҳар имом-хатибларининг мурожаатномаси)

 

Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим

Азиз ватандошлар, ҳамшаҳарлар! Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан жаннатмонанд юртимиз Ўзбекистон 22 йил ичида бутун дунё эътироф этаётган ва ҳавас қилаётган беқиёс, ривожланган мамлакатга, юртимизнинг энг чекка вилоятлари ҳам гулистонга айланди. Алалхусус, ватанимизнинг пойтахти Тошкент жаҳондаги энг тараққий топган шаҳарлар ичида алоҳида ўрин тутмоқда. Мамлакатимиз раҳбари ўзларининг ҳар бир чиқишларида юртимизни обод қилиш, табиатни асраш, маънавий қадриятларимизга, хусусан, осори атиқаларни, зиёратгоҳларни, аждодларимиз хокини ўз бағрига олган қабристонларни обод қилиш ҳақида алоҳида эътибор ва ҳурмат билан қарашларини изҳор қиладилар. Аждодларни эслаш, уларнинг руҳларини шод қилиш зиёратгоҳларни, қабристонларни обод қилишдан бошланади. Шунинг учун ҳурматли ҳамшаҳарларимизга, ватандошларимизга мурожаат этмоқни мақбул, деб топдик.

Биринчидан, Мустақиллигимизнинг 22 йиллик байрами арафасида шаҳримиздаги барча зиёратгоҳ ва қабристонларни покиза ҳолатга келтирмоғимиз савоби улуғ ишдир. Жаноби Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Қабристонларни зиёрат қилинглар...", деган хитобларига мувофиқ қабристонларни зиёрат этишимиз, уларни пок сақлашимиз зарур.

Иккинчидан, қабристонларни зиёрат этишда Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) суннатларига мувофиқ ҳолда баланд овоз билан сўзламаслик, оҳиста қадам босмоқлик зарур.

Учинчидан, қабристонларни, айниқса, ёз фаслида қуриган ўт, тиканлардан тозалаш, имкон бўлса, қабрларнинг устини суваб қўйиш лозим.

Тўртинчидан, мевали дарахтлар ўрнига манзарали дарахтлар, гулу райҳонлар экиш савобдир. Бу жойда етишган мевани истеъмол қилиш саломатликка зарарли бўлгани учун, мевали дарахтлар экиш макруҳ саналади.

Бешинчидан, қабристонларда қилинадиган энг зарур ишлардан яна бири унинг атрофини девор билан ўраш, агар девори эскирган бўлса, таъмирлашдир. Чунки девори бузилган, оралари очиқ бўлса, турли чорва ҳайвонлари ўтиши, қабрлар топталиши мумкин. Бунга йўл қўйиш эса катта гуноҳдир.

Олтинчидан, зиёратчилар нафақат ўз қариндошлари қабри, балки ён-атрофдаги қаровсиз қабрларга ҳам эътибор бериб, суваб қўйишлари қабристон одобларидан ҳисобланади. Чунки баъзи қабр эгаларининг фарзандлари, яқинлари бўлмаслиги мумкин.

Азиз ватандошлар, ҳамшаҳарлар! Аллоҳ таоло бизга тенги йўқ гўзал жаннатмонанд, тинч ва осойишта, обод Ватанни ато этди. Бу улуғ неъмат учун, тинчлик– осойишталик учун Яратганга шукрона айтишимиз лозим. Шу билан бирга, эзгу савобли амалларни қилиш ҳар бир имонли кишининг зиммасидаги масъулиятдир.

Шаҳару қишлоқларимиз, айниқса, пойтахтимиз бутун дунёни ҳайратга солаётган, янада обод бўлаётган бир пайтда қабристонларни покиза ҳолда сақлашни унутмаслик лозим. Муборак кунларда, Мустақиллигимизнинг 22 йиллик байрами арафасида фарзандларимиз, яқинларимиз билан бирга қабристонларни обод қилиш инсоний бурчимиздир.

Ҳамюртларимизга ушбу мурожаатномани йўллаш билан савобли ишга барчамиз дахлдор бўлишимизни умид қилиб қоламиз.