Инсон мақсадлари йўлида доимо изланади. Бунинг учун энг зарури тинчлик ва осойишталикдир. Оиладаги хотиржамлик инсоннинг иш самарадорлигининг ошишига, оила мустаҳкамлигига асос бўлса, юртдаги тинчлик мамлакат тараққиётига, фаровонлигига замин яратади.

Тинчликка бўлган юксак эҳтиёж боис "Ассалому алайкум", дея бир-биримизга тинчлик-омонлик тилаймиз; дуоларида ҳам шу эзгу тилак: "Эй қодир Аллоҳ! Юртимизга тинчлик, хонадонимизга ҳотиржамлик ато эт!"

Ҳақиқатан ҳам инсон учун тинчлик-осойишталикдан яхшироқ неъмат йўқ. Аллоҳ асрасин, оиланг, юртинг нотинч бўлса, тўй-томоша, шодлик-ҳуррамлик, хуллас, ҳаётнинг ҳеч бир неъмати татимайди. Уруш-жанжал сабаб меҳр-оқибат, инсонийлик унутилади, эзгу мақсадлар амалга ошмай қолади.

Қуръони каримда бундай дейилади: "Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур" (Исро, 83). Ояти каримдан англашиладики, бизга бериладиган тинчлик, саломатлик ва фаровонлик неъматдир, унинг қадрига етиш, шукрини қилиш лозим бўлади. Биз мавжуд тинчликнинг қадрига етиш билан бирга, ношукрчилик қилишдан сақланишимиз керак. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Эй Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин, деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир» (Имом Байҳақий ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) бундай ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: "Эй Анас! Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинчлик ва омонда бўлишни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлиш берилса, нажот топибсан". Чунки тинч юртда хотиржамлик қарор топади, фарзандлар эмин-эркин камолга етади, жамият ҳар томонлама юксалади. Бундай шароит киши Аллоҳ таолонинг буйруқларини мукаммал ва хотиржам адо этишига имкон беради. Шу боис Жаноби Ҳақ таоло бандаларини келишмовчиликни бартараф этишга, тинчликни сақлашга чақиради: "Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!.." (Ҳужурот, 9).

Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган машҳур ҳадисда бундай дейилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: "Икки неъмат бор, кўпчилик унинг қадрига етмайди. Булар саломатлик ва хотиржамликдир" (Имом Бухорий ва имом Термизий ривояти).

Шундай экан, бу бебаҳо неъматнинг қадрига етайлик. Дуоларимизда, иш-амалимизда бир-биримиз учун тинчлик ва омонлик соғинайлик. Аллоҳ таоло тинчлик-осойишталигимизни барқарор айласин!

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоятидаги вакили