Ватан остонадан бошланади. Кишининг туғилиб ўсган уйи, маҳалласи, қишлоғи, яқинлари – Ватан деган тушунчада мужассам.

“Ватан” сўзи аслида арабча бўлиб, она юрт маъносини англатади. Улуғ зотлардан бири “Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғидир”, деб таърифлаган. Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилат экани кўп зикр этилади. Бу борада: “Ватанни севмоқ имондандир” ҳикматини эсга олиш кифоя. Машҳур саҳобалардан Билол (розияллоҳу анҳу) Мадинага кўчиб боргач, киндик қони тўкилган гўшани соғиниб шеърлар ўқир экан. Ҳа, Ватанига, туғилиб ўсган диёрига муҳаббат ҳар бир ақлли-ҳушли инсоннинг табиий туйғусидир. Ҳазрат Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу): “Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлган”, деганлар.

Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Лайс Самарқандий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий, Қаффол Шоший каби буюк боболаримиз Ватанга бўлган кучли муҳаббатлари туфайли нисбатларини киндик қони тўкилган юрт номи билан боғлаганлари бежиз эмас.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага ҳижрат қила туриб, Макка чегарасига етганларида орқага қараб: “Эй туғилган она юртим, агар ўз қавмим мени мажбур қилмаганида, сени тарк этмас эдим”, деганлар.

Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий айтадилар:

Ватан таркини бир нафас айлама,

Яна ранжу ғурбат ҳавас айлама.

Буюк шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистонда қудратли салтанат эгаси бўлса-да, бир умр Андижонни, сўлим Фарғонани, бобокалонларидан мерос Самарқандни қўмсаб ўтади, сатрларидан Ватан соғинчи уфуриб туради. Ватан – муқаддас макон! Унинг равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи.

Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан пойлоқчилик қилган кўз эгасини дўзах оташи ҳам куйдирмас экан. Бу тўғрида Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини”, деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).

Буюк аждодимиз Нажмиддин Кубро Ватан ҳимоячиси қандай бўлишининг ёрқин мисоли бўла олади. У зот юртига мўғуллар бостириб кирганидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. Мўғул ҳукмдорлар Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини кўриб, унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишни таклиф қилади. Ватанни ўз жонидан устун билган Нажмиддин Кубро босқинчиларга қарши жангга киради ва туғ кўтариб, лашкарни олға чорлаб бораётганда шаҳид бўлади. У зот туғни шунчалар жон-жаҳди билан ушлаган эдики, байроқни бармоқларини кесибгина олишга муваффақ бўлишади.

Тарихимизда бундай мисоллар кўп.

Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб ҳисобланса, унга хиёнат қилиш шу қадар катта гуноҳдир. Бу инсонийлик мезонига ҳам тўғри келмайди. Зеро, инсон ўз Ватани равнақи учун фидойилик кўрсатиши, бу йўлда керак бўлса, жонини ҳам бериши лозим бўлади.

Ватанпарварлик туйғуси билан яшаш, фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, уни асраб– авайлаш зиммамиздаги улкан масъулиятдир.

 

Муҳаммадий ҚОРАЕВ