Бу кунлар учун ҳар қанча шукр қилсак, оз. Зеро, кейинги йилларда мамлакатимизда диний қадриятлар ҳамда маърифий меросимиз, буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва ижоди ҳартомонлама чуқур ўрганилмоқда. Тинч, кўнглимиз хотиржам ўтган кунларнинг қадрига етиб, унинг бебаҳо неъмат эканини теран англаб, асраб-авайлашимиз учун аждодларимиз ўтган йўлни ўрганишимиз, тегишли хулосалар чиқаришимиз лозим бўлади.

Ўтмишда азиз Ватанимизнинг покиза туп-роғи қанчадан-қанча босқинчилар оёғи остида топталмади?! Эрксевар халқимиз озмунча хўрландими?! Биргина шўро тузуми даврининг “қатағон машинаси” халқимизнинг не-не асл фарзандларини ажал комига тортди?! “Қулоқлаштириш”, “Халқ душмани” каби туҳматлар билан ўзга юртларга бадарға қилинганлари қанча?! “Пахта иши”, “Ўзбек иши” каби бўҳтонлар билан минглаб юртдошларимиз азоб чекди!

Тарихий манбаларда ёзилишича, Китоб беклиги шафқатсизларча босиб олингач, Жўрабек Қаландарҳожи ўғли саройида жойлашган улкан кутубхонадаги барча нодир китоблар, қўлёзмалар Фон Кауфман тамонидан Петербургга жўнатилади.

Юртимиздан етишиб, дунё илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган мутафаккирларнинг асарлари шу тарзда босқинчилик, талончилик йўли билан ўзга юртларга олиб кетилган.

Халқимизнинг эзгу орзуси ушалди, юртимизда маданий меросимиз, миллий ва диний қадриятлар ривожи учун кенг имкониятлар яратилди. Энг муҳими, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида шу эзгу мақсад йўлида ибратли ишлар қилинмоқда. Самарқанддаги Имом Бухорий ва Имом Мотуридий зиёратгоҳлари, Бухородаги Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд, Масжиди Калон мажмуалари, Фарғонадаги Аҳмад Фарғоний ва Бурҳониддин Марғиноний ёдгорликлари, Сурхондарёдаги Ҳаким Термизий ва Имом Термизий, Хивадаги Ичан қалъа, Шаҳрисабздаги Дорут-тиловат, Қарши шаҳридаги Одина ва Кўкгумбаз обидалари, Кармана шаҳридаги Қосим шайх мақбараси сингари қадамжоларни обод этиш шулар сирасидандир.

Алҳамдулиллаҳ, юртимизнинг тараққиёти кундан-кунга ортиб бормоқда. Қўлга киритилаётган ютуқларни санаб, адоғига етиш қийин. Булардан кўнгил ҳақли равишда фахр туяди. Шунинг баробарида зиммамиздаги истиқлолни асрашдек масъулият залворини ҳам теран ҳис этамиз.

Мамлакатимизнинг ҳар бир шаҳар, қишлоқ, маҳалла ва меҳнат жамоаларида Ватанимиз мустақиллигининг йигирма икки йиллик тўйи катта шодиёналик ила нишонланди. Хурсандчилигимиз замирида кундан-кун чирой очиб, кўркам бўлиб бораётган озод ва обод юртимиз қиёфаси, барқарор суръатларда ривожланаётган иқтисодиётимиз, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, тотув ва ҳамжиҳат яшаётган барча миллатларнинг бугунги бахт-иқболи ва ёрқин истиқболи ётибди.

Бундай саодатли кунлар аждодларимиз қони, фидойиликлар, замондошларимизнинг туну кун қилаётган машаққатли ва шарафли меҳнатлари ҳосиласидир. Ҳар биримиз шундай қутлуғ ишларга ҳисса қўшишга шошилсак, Ватанимиз бундан ҳам обод бўлгусидир, иншааллоҳ!

Луқмонхон ОЛИМОВ,

Китоб тумани бош имом-хатиби